Қашқадарё вилоятига уюштирилган сафар давомида турли мавзулар бўйича фуқаролар билан учрашдик. Маълумки, Кун.uz ижодий жамоаси сафари чоғида инсон ҳаётининг бирламчи эҳтиёжлари - тоза ичимлик суви мавзусига алоҳида тўхталади. Боиси айни мавзу юзасидан бизга кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.  

Бу муаммо Қашқадарё вилоятига ҳам бегона эмас. Ижодий жамоа тоза ичимлик суви билан боғлиқ ана шундай мурожаатлардан бирини ўрганиш юзасидан Қарши шаҳар “Қиличбек қўрғонча” маҳалласига йўл олди. Бизни маҳалла фаолларидан бири кутиб олди ва мурожаат баён этилган ҳолат бўйича таништирди. 

Унинг айтишича, 2008 йил 1 апрелда сув ўтқазиш ҳақида ваъда берилган. Бироқ, ўшанда бери сув йўқ. 

Фото: "Кун"

“Неча маротаба хат қилдик, чиқдик. Сув масаласи қийин. Мана ҳозир оқава сув беришди. Ҳамманинг хонадонида дарахт, турли экинлар. Оқава сув ўтиб, яхши бўлиб қолди. Ичимлик сув муаммо. Бу ерда 650 га яқин хўжалик яшайди. Уларнинг бир қисмида икки маҳалгина сув бера олади. У ҳам ёзни кунида тўхтаб қолади. Куз, қиш, баҳор ойларида сув келиб туради. Қолганларнинг ҳаммаси сувни сотиб олади. 60 минг сўмга 6 тонна сув олинади. Уйимизда ҳавза қилинган. Ҳаммада шундай. Бу муаммони кўп олиб чиққанмиз. Қарши шаҳар ҳокимлигига, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилганмиз ўша пайтда. Вилоят ҳокимининг ўзи келганди. Кўрилди, кейин лотокларни йўлга қўйиб беришди. Ҳозир қисман маҳалламизга газ ҳам етиб келди”, - деди маҳалла фаоли Ғани Файзиев.

Кун.uz ижодий жамоаси мазкур муаммо юзасидан вилоят ҳокимлиги мутасаддиларига мурожаат қилганида, улардан “аҳоли муаммосини ижобий ҳал қилишлари” ҳақида жавоб олганди. Қашқадарё сафаридан қайтилганига қарийб икки ой ўтди ва биз мазкур муаммо тақдири билан қизиқдик. Маҳалла фаоли Ғани Файзиев билан боғландик. 

Фото: "Кун"

Унинг сўзларига кўра, мутасадди ташкилот 4-5 кунлар аввал маҳалла раисини чақириб, учрашув ўтказилиши ҳақида айтган. 

“Кейин келишди. Муаммони айтишган – сув масаласи йўқлигини айтишган. Ҳамма уни биламиз, қилиб беришга ҳаракат қиламиз, деган. 2008 йилдаги ваъда яна қайтарилди. Мана 2017 йил бўлди, ҳали ҳам натижа йўқ. Сувни сотиб олиб, ичиб юрибмиз”, - деди маҳалла фаоли.

Фото: "Кун"

Гувоҳи бўлганингиздек, муаммо муаммолигича қолмоқда. Кун.uz ушбу мурожаатга вилоят мутасадди раҳбарлари эътибор қаратишларини сўрайди. 

Тоза ичимлик суви ичишни орзу қилаётган аҳолининг умидлари доимгидек чипакка чиқишини биз қатори улар ҳам истамайдилар, деган ниятдамиз.