Балиқлар тўдаси ичида сузаётган акула суратга олинди

Жамият 03 Август 2017 13426
Фото: © TANYA HOUPPERMANS / CATERS

Америкалик фотосуратчи Таня Хупперманс ноёб фото суратга олди. У балиқлар тўдаси ичида сузаётган қум йўлбарс акулаларини суратга олишга муваффақ бўлган. Хупперманснинг айтишича, бундай суратни олиш миллиондан бир марта келадиган омаддир, деб хабар бермоқда Daily Mail нашри.  

Қум йўлбарс акулалари қум акулалари оиласига мансуб балиқлардир. Улар бутун океан бўйлаб кенг тарқалган ва барча тропик денгизларда учрайди. Умуман олганда, бу акула балиқ истеъмол қилади ва одамларга нисбатан тажовузкор ҳисобланмайди. Бироқ бутун кузатувлар давомида бу акулаларнинг одамларга ҳужум қилишининг 30 та ҳолати қайд қилинган, улардан фақатгина биттаси ўлим билан якунланган.

Қум акулалари йўқолиб кетаётган турлардан бири ҳисобланади. Унинг сузгичлари таомлар тайёрлашда, жигари ёғи эса лаб бўёғи ишлаб чиқаришда қўлланади. Қум йўлбарс акулалари кўпинча қармоққа ва балиқ тўрига тутилади. Оддий қум акулалари Тинч океанининг шимоли-ғарбий қисмида, Африка ғарбий соҳилининг тропик сувларида, Ҳинд океанининг шимолий қисмида ва Атлантика ғарбида тижорий мақсадларда овланади. Улар тўрлар ёрдамида тутилади. Бу акулаларнинг гўшти барра, музлатилган, дудланган ва тузланган кўринишда сотувга чиқарилади. 

Кўпроқ янгиликлар