Жорий йил 1 июнь ҳолатига Фарғона вилояти бўйича электр энергиясидан 290 миллиард сўмдан, табиий газ бўйича 73,1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик вужудга келган, деб ёзмоқда ЎзА.

Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси туман-шаҳар бўлимлари томонидан бу қарздорликларни бартараф этиш чоралари кўрилиб, қисқа вақтда электр энергияси бўйича 70 миллиард 585 миллион сўм, табиий газ бўйича 24 миллиард 489 миллион сўм ундирилди. 

Электр энергияси ва табиий газдан 211 миллиард 955 миллион сўм қарздорлиги бўлган 218 минг 363 истеъмолчининг манзилига талабномалар юборилди, 15 минг 173 хонадон ва ташкилот тармоқдан узилди, электр энергияси ва табиий газдан қарздорлиги юқори бўлган улгуржи истеъмолчиларнинг банк ҳисоб рақамларига тўлов талабномалари қўйилди. 

Кенг кўламли тарғибот ишларига қарамасдан, айрим истеъмолчилар томонидан электр энергияси ва табиий газни истеъмол қилиш борасида ҳамон ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмоқда. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва унинг бўлимлари томонидан 127 шундай ҳолат аниқланди. Ҳуқуқбузарликлар оқибатида давлатга жами 107,3 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Бюро ходимлари томонидан давлатга етказилган моддий зарарнинг 46,5 миллион сўми ундирилиб, қолган 60,8 миллион сўмини ундириш чоралари кўрилмоқда. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 112 жисмоний ва 9 юридик шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.