Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларига эҳтиёжларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҚҲТБТ порталида жойлаштирилди, деб ёзмоқда Norma.uz.

Ижтимоий аҳамиятга эга воситалар рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг доимий фаолият юритадиган  комиссияси тузади.

Рўйхатга ижтимоий аҳамиятга эга ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликларни даволашга мўлжалланган  дорилар киритилган.

Дори воситалари истеъмол таҳлилида қуйидаги турларга ажратилади:

•  истеъмоли меъёрлаштириладиган дорилар;
•  ўзига хос таъсирга эга дорилар;
•  таъсири кенг бўлган дорилар.

Келгуси йил учун ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дорилар ва тиббиёт буюмларига эҳтиёжни аниқлашда ташхислаш ва даволаш стандартлари, клиник йўриқномалар ҳамда аҳолининг сони ва касалланиш статистикасидан фойдаланилади.

Ижтимоий-аҳамиятга эга дориларнинг тасдиқланган рўйхати қуйидагиларни акс эттиради:

•  халқаро патентланмаган номи;
•  дори шакли, дозаси, ишлаб чиқарувчиси, сўмдаги нархи (ҚҚСсиз) кўрсатилган савдо белгилари.

Дориларга бўлган йиғма эҳтиёжни даволаш-профилактика муассасалари аниқлайди. Аниқланган эҳтиёж бўйича маълумотлар Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига солиштирма аризани тайёрлаш учун топширилади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.