Келаси ҳафта Африканинг шарқий давлатларидан бири - Кения Республикасида президентлик сайлови бўлиб ўтади.

8 август куни ўтказилиши белгиланган сиёсий тадбирда амалдаги президент Уҳуру Кеньятта ўз номзодини илгари суриши ва иккинчи беш йилликда ҳам мамлакатни бошқариши кутилмоқда. Ҳозирги ҳукуматга ўзини мухолифат деб билган Раила Одинга ҳам сиёсий курашларда унинг қўли баланд келишидан умидвор. Аввалги сайлов кампаниясида 55 ёшли Кеньятта барчасини осонликча уддалаши башорат қилинган бўлса, бу сафар вазият бироз бошқачадек кўринмоқда. Агар у сайловларда ютмаса, демак иккинчи мавсумга сайланмаган илк Кения президенти бўлиб тарихда қолади.

Бундан беш йил илгари, Одинга сайловдаги фирибгарликлар учун Олий суд олдида жавоб беришга мажбур бўлган, воқеалар ривожида Уҳуру президент этиб сайланган эди. Гарчи кутилаётган сиёсий воқеада 8 киши номзоди тасдиқланган бўлсада, Раила Одинга ва Уҳуру Кеньятта асосий номзодлар ҳисобланади. Эътиборли жиҳати, Одинга Кениянинг илк президенти Жомо Кеньяттанинг фарзанди, Раила эса биринчи вице-президентининг ўғлидир.

Кения маҳаллий қонунчилигига кўра, президент умумий сайловчиларнинг 50 фоиздан ортиқ овозини тўплаши сўралади. Шунингдек, мамлакатдаги 47 бирликларнинг ҳар бирида номзод 25 фоиз овоздан кам бўлмаган қўллаб-қувватланишга эга бўлиши лозим. Агар бундай вазият кузатилмаса, сайлов натижаси бекор қилинади. Бундай ҳолат эса Кения тарихида кузатилмаган.

Мамлакатда ёшлар ишсизлик даражаси 22.2 фоиз атрофида бўлиб, икки рақиб ҳам иш ўринларини яратиш борасида катта ваъдалар беришга мажбур бўлмоқда. Агар умумий аҳолининг 80 фоиздан ортиғи 35 ёшгача бўлган ёшлардан ташкил топгани ҳисобга олинса, бу мушкул вазифадир. Мустақил экспертлар томонидан 2008 йил тарқатилган маълумотларга кўра, Кениядаги ишсизлик кўрсаткичи бутун аҳолининг 40 фоиздан ошиб кетган эди. БМТ тарқатган маълумотларига кўра, кенияликларнинг 45,5 фоизи қашшоқликда умр кечиради.