Ҳар бир куннинг ўз муҳим мавзулари бор. Бир кун Алининг ишдан олингани, иккинчи кун Валининг кирдикорлари, бошқа куни эса қўшиқчи Фолончихоннинг ажабсанда суратлари тренд мавзуга айланади, тармоқларда обдон муҳокама қилинади. Хуллас, ҳар куни бир томоша...

Эътибор берган бўлсангиз, бундан бир йиллар аввал ҳам энг қизиқ мавзу асосан отарчилар...узр, қўшиқчию хонандалар, актрисалар билан боғлиқ бўларди. Ҳозир эса улар “тахт”дан тушган. Чунки жамиятда “динғир-динғир”дан бўлак мавзулар муҳокамалар марказига кўчди. Бу, албатта, одамни қувонтиради. ОАВнинг барча тури ғимиллаб қолди. Коса тагидан бошини чиқариб, ён-атрофга қўрқмайроқ разм сола бошлади. Сиз ҳам сезаётгандирсиз?! Ижтимоий тармоқларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Ҳақиқат манзарасини айнан ўша ерда кўриш мумкин.

Гапни қисқароқ қиламан. “Фейсбук”нинг шу кунлардаги энг қайноқ мавзулари борасида одамларнинг фикр-мулоҳазаларини сиз билан баҳам кўрмоқчимиз! Дастлабки мавзу 1 август куни бўлиб ўтган тест синовлари...

(Имтиҳон – тест синовлари ҳақида)

Дима Қаюм:

Бундан 17 йил олдин ўқишга кирмоқчи бўлиб имтиҳонга йўл олаётсам, бир қиз “Ҳой, сенга ким қўйибди? Бориб молингни боқ”, деганди. Шу-шу ўқимай, бозорда печка сотдим ва ўша қиз ҳар куни ўша гапларини қайта-қайта айтаверади...

***

Хуршид Абдурашид:

4 йилдан бери йиқилавериб, бу йил яна тест топширган ўртоғим имтиҳондан чиқиб, мана шу тестнинг ўзига бир соат вақтим кетди, деб қолди. Қарасам, зўр савол экан. 4 йилда тестга тайёрланганим эсдан чиққан бўлса-да, лекин ўзимча жавобини аниқ айтмоқчи бўляпман-у бир кундан бери керакли формулани тополмаяпман.

Мана ўша савол:

Уч юз Кўҳи Қофни келида туймоқ,

Дил қонидан бермоқ фалакка бўёқ,

Ёинки бир аср зиндонда ётмоқ,

Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ.

Паҳлавон Маҳмуд

Ушбу тўртликдаги эргаштирувчи боғловчи билан боғланган қўшма гапда феълдан англашилган ҳаракат тарзига бажарувчининг муносабати ифодаланган сўзлардаги ясовчи асоси бир сўз туркуми доирасида омонимлик хусусиятига эга бўлган фонетик ўзгаришга учраган, жарангли, сирғалувчи, овоздор ундош билан тугаган ёпиқ бўғинлар таркибида юқори тор, оғизнинг очилиш даражасига кўра лабланмаган унли неча ўринда қўлланган?

А) 2

Б) 3

C) 4

Д) 5

Валлоҳи аълам! #Кусто_ҳайратда!

***

Ривожиддин Абдумаликов:

- Бобо бугун имтиҳон экан.

- Бир латифа айтиб берай. Бир куни арслон ҳамма ҳайвонларни тўплаб: тўнғизга ўхшамасдан, таниш-билишсиз ва пулсиз талаба бўлганлар бир қадам олдинга деган экан, йиғилган барча ҳайвонлар икки қадам ортга қадам ташлашибди. Эшак эса тиржайганча жойида тураверибди. Арслон «Сен нега жойингда қолдинг?», деб сўраса, эшак «мен телефон орқали талаба бўлганман», дермиш…

***

 Зуҳра Хамраева :

“Аччиқ ҳақиқат”ни тан олиш керак. Ҳар йили шунақа бўлади. Буни тузатиб бўлмайди.

Икки абитуриент имтиҳон топширяпти. Биринчиси пул билан киряпти, иккинчиси пулсиз.

Биринчи абитуриентга савол:

- Қайси мамлакатга биринчи бор атом бомбаси ташланган?
- Японияга!

- Баракалла, баҳоингиз – беш!

Иккинчи пулсиз кираётган абитуриентга савол:
- Қайси мамлакатга биринчи бўлиб атом бомбаси ташланган?
- Японияга!

- Қайси йили?

- 1945 йили.

- Қайси шаҳар устидан?

- Домла, Хиросима устидан.

- Қанча одам ҳалок бўлган?

- 294 минг одам ҳалок бўлган.

- Барча ўлганлар исми-шарифини айтиб беринг!

Муслим Мирзажонов:

Имтиҳон олдидан:

-Ака, илтимос, туфлимни ерга секинроқ уринг! Ўзи кеча дадам имтиҳон учун олиб берувди. Бошқа туфлим йўқ!

- Ременни еч! Уни ичиниям текшириш керак!

***

Адаси, туфлини ерга қӯйинг! Бунча полга урасиз!

-Ие, узр, хотинжон! Имтиҳонда ортирилган шартли рефлекс...

***

-Ҳа, абитуриент укам. Қалай бӯлди тест? Интуиция нима дейди?

-Интуицияни кӯрмадиму лекин милиция роса кӯп эди... 

***

Абдулазиз Саидалиханов:

1 август имтиҳонларидаги қаллобликлар оддий одамлар ўйлаб топган ҳийлалар сабаб рўй беради. Ўқитувчи ё билимли талаба телефонга ё бункерга туриб беради, миясида билим ноль бўлган эшакмия абитуриент эса талабага айланаверади.

Дизайнер Миразиз Аҳмедов:

Самарқанд шаҳрида машҳур гриммчи йигитлар бор экан. 
Имтиҳонга сиздан билимлироқ талабани, сизнинг қиёфангизда тайёрлаб, гримм қилиб беришаркан.

Албатта, осонмас. 1 - 2 ой аввалидан сочларини сизникига ўхшатиб ўстириб, “прическа” қилиб ва ҳоказо...

Хуллас, паспортдаги башарага яқин қилиб беришаркан...

Айтаман-ку доим: бизнинг ёшлар илимга чанқоқ!

Саид Комил Холхўжаев

1 август – "Умуммиллий «козел» абитуриентларни қўллаб-қувватлаш куни"

Нуриддин Мурод:

-Устоз айтингчи, мана шу калла билан ўқишга топширсам, кира оламанми?

-Ўқишга топшир, лекин имтиҳондан ўтолмасанг, кира оласан!

-Бу нима деганингиз устоз?

- Сен ҳам бирор бойдан ижарага машина олиб таксист бўлиб кетасан, деб қўрқаман!

***

Сулаймон Эркин:

Менимча, нафақат "Икс вариантни ҳатто тушида ҳам кўрмаган" юқоридаги мансабдорларга, балки ижтимоий-сиёсий нашрларнинг "Бўш муҳаррирлари"га ҳам чиқиш эшикларини кўрсатадиган вақт келган аллақачон.

Давлат органлари ёки умуман жамиятдаги "кўзбўямачиликлар"ни, энг аввало, журналист пайқаши, халққа, ҳукуматга етказиши, ечим излаши керак.

Аммо, ўша кўрсатувда сўз олган кап-катта газетанинг, кап-катта журналисти, "Бункер"ларни йўқ қилиш тўғрисида реал таклиф айтиш, фикр бериш ўрнига — "Энг аввало ота-оналар фарзандларининг миясига ўз кучи билан кира олишни сингдириши керак", деб ўтирибди...