Tesla компанияси мижозлари 2016 йил ўртасидан бери арзон Model 3 электромобилига бўлган 63 минг буюртмани бекор қилишди. Илон Маск 2017 йил 2-чорак якунлари бўйича конференцияда шу ҳақда сўз юритди, деб ёзмоқда Business Insider нашри.

Маълум бўлишича, Model 3 электрокарига берилган буюртмалар сони 518 мингдан 455 мингтага тушган. Маскнинг қайд этишича, бу камайиш Tesla компаниясига сезиларли таъсир кўрсатмайди, чунки компания илк Model 3 машиналари ишлаб чиқарилганидан сўнг, компания кунига 1800 та янги машинага буюртма олади. 

Маскнинг қўшимча қилишича, компания буюртмалар сонини ошира олади, аммо машиналарга навбат катталиги сабабли бу ишни амалга оширмайди. 

«Масалан, сиз ресторанда ишлайсиз ва гамбургерлар сотасиз. Аммо, мижозлар бир ярим соат навбатда туришса — шундан кейин ҳам сиз навбат чўзилишини хоҳлайсизми?» — дея мисол келтирган Маск. 

2017 йил май ойида у Model 3 моделининг салоҳиятли харидорларининг фикрини ўзгартиришга уриниб кўрган эди. Маск автомобиль арзон бўлишини, аммо Model S каби сифатли бўлмаслигини айтганди.

Business Insider нашрига кўра, агар сиз Model 3 седанига 2017 йил августида буюртма берсангиз, 2018 йил охирида машинангизни оласиз. 

Эслатиб ўтамиз, GM Uzbekistan компаниясида ишлаб чиқарилаётган автомобилларни эса 1 кундан 4 ойгача муддатда харид қилиш мумкин, (камида).