Неймар воқеасида бош қаҳрамон ким?

Спорт 03 Август 2017 11741

Фильмларда бош қаҳрамон бошидан маълум бўлади. Ҳеч қурса ўртароғида. Чунки у охиригача нима учун қаҳрамон бўлажаклигини исботлаб боради. Бугунги фильмимизда қаҳрамон энди туғилади, шекилли. Мақола мантиғига кўра, қаҳрамонни охирида айтаман.

Узоқ давом этган «кўпикли опера» ниҳоят ўз якунига етди. Очиғи, бу «опера» бошланган пайтда Неймар худди Роналду сингари ўзининг молиявий томонини яхшилаб олиш учун «Барселона» раҳбариятига ўйин қиляпти деб ўйлагандим. Йўқ, бразилиялик юлдуз чиндан ҳам кетмоқчи бўлган экан. Охири кетди ҳам. Буни каталонияликларнинг расмий твиттер аккаунти ҳам тасдиқлади, Месси ҳам инстаграмида ролик кўринишида хайрлашди. Буёғига эртак Парижда давом этадиган бўлди.

Неймар воқеаси менга қаттиқ таъсир қилишига унинг Франция пойтахтига ўтишига ишонмаганим кўпроқ сабаб бўлгандир, лекин бошқа жиҳатлари ҳам борлигини сал кейин пайқаб қолдим. Неймар ҳақидаги хабарлар ва бугунги якунни «Барселона» томонидагилар кўзи билан кўришимиз зарур. Испания мустамлакаси томонидан туриб изоҳлаш тўғрироқ бўлади, ҳар ҳолда Неймар ҳали «ПСЖ» либосини кийганича йўқ.

Ҳеч сезганмисиз, бир инсон узоқ касал бўлиб ётиб қолса, атрофида гирдикапалак бўлганлар ҳам ўша инсон вафот этгач ғалати бўлиб қолишади, ўзларини қўярга жой тополмай қолишади. Бу одамни узоқ вақт кўрмаганлардан-да ошириб йиғлашади. Ваҳоланки, улар ҳар куни касалнинг ёнида бўлишган, бу касаллик эрта-индин ажал билан якунланишини билиб туришган, лекин барибир ўлим дуч келган пайтдаги ҳолатлари ўзгача бўлади. Тайёргарликлару тасаввурлар бутунлай ёлғончи бўлиб чиқади. Ҳозир Каталонияда шунга ўхшаш ҳолат. Неймарнинг трансфери борасида кўп гаплар уларни ҳам ранжитган, ҳатто ич-ичларида бразилияликсиз мавсумни ҳам тасаввур қилиб кўрган бўлишлари мумкин. Бироқ, воқеа содир бўлганида, Каталония аза либосини кийиб олди. Дарахтлари-да бошини эгиб олди.

Бу трансфернинг бошқа трансферлардан фарқ қиладидиган жиҳати фақатгина пулида эмас. Погба «МЮ»га келаётганидаги гап-сўзлар билан бугунги изоҳлар ўртасида катта фарқ кўряпмиз. Сотиб олаётганлардан кўра сотиб юбораётганларнинг ҳолати ҳақида гапириляпти фақат. «Барселона»дагилар учта икки ва буёғига миллионни изоҳловчи нолли рақамни ёзаётган пайтида бу сумма етиб бўлмас чўққи деб ўйлаган бўлишса керак, бироқ бугун бу сон жуда ҳам қўрқинчли сумма эмаслиги маълум бўлди. Аввало бунга футболчининг ўзи рози бўлса, кифоя экан. Ҳай, инсоф нуқтаи назаридан Погба трансферини Неймар воқеаси билан таққосласак нотўғри бўлади. Бразилиялик юлдузга ўз даражасидаги йигитларни топиш керак. 

Аввало, охирги пайтларда юлдузларнинг охирги бекати Мадрид ё Каталония бўлиб қолганини, бунга номи чиққан юлдузни шу икки жамоадан бири сотиб олишига ҳамма кўникиб қолганини айтиб ўтсак. Табиийки, бу икки суперклуб мухлислари ҳам. Ҳозир эса, навқирон йигит янада юлдузроқ бўлиш учун айнан Барселонадан кетмоқда. Қайсики, ҳамма интиладиган, кубокларни қалаштириб ташлашга умид ёғдирадиган Каталония шаҳридан чиқиб кетмоқда.

Кўпчилик бу трансферда биринчи навбатда Фигуни эслаётганига сабаб бор: Неймарни ҳам жамоа сотқини деётган каталонлар талайгина. Лекин Фигу трансферидан кўзланган мақсад бошқа эканлигини унутиб қўйишмоқда. Унда Луиш Мадридга кетган, шунинг ўзи етарли гап. Кейин, футболчи биз боя айтган икки суперклубдан бошқа томонга кетиб қолмаган. Яъни, ўсиш мантиғига кўра, тўғри қарор эди у. Сотқин деб уни битта томондагилар айтади, холос. Фигу «Реал»га ўтар экан, нияти катта натижаларни қайд этиш эканини ҳамма тушунган. Бугунги воқеада Неймар ўша бекатдан орқага кетаётгандек туюлмоқда.

Яна бир трансферни эслаб ўтайлик. Криштиану Роналдуни. Ўхшаш жиҳати – у ҳам деярли шу ёшда бошқа жамоага ўтган. Лекин Манчестер – Мадрид йўналиши Кришга нисбатан ҳам, уни сотиб олаётган жамоага нисбатан ҳам ўсиш деб баҳоланган эди. «Манчестер Юнайтед» томонларда ҳам бу савдони тўғри тушунишган. Бундан буён Рони қизил либосда қололмаслигини фахмлашган. Ҳозирги трансфер кўпчиликни шокка тушириб қўйганига ҳам йўналишнинг ғалатилиги сабаб бўлмоқда. Чўққида турган одам ўзидан ўзи пастлаётгандек гўё.

Бу трансфер яна Роналдиньони ҳам эслатиб юбормоқда. Унинг «Барселона»дан кетишида албатта, буткул бошқа сабаб ётганини ҳамма билади. Ўша пайтда каталониялик ишқибозлар жамоа раҳбариятида норози бўлишганига қарамай, Гвардиолага топширилажак келажак катта ваъдалар бериб турган давр эди. Яъниким, Роналдиньонинг ортидаги йигитларга ишонч бор эди. Хусусан, оловли Мессининг кўзи ёниб турганини эсланг ўша пайтда. Ҳозир-чи, ҳозир аста-секин қариётган Мессининг ўрни айнан Неймарга қолади, деб турганда кўпчилик, бирдан бу трансфер содир бўлди.

Майли, Неймар Парижга бориб ўзи ўйлаганидан-да юлдузроқ ҳам бўлиб кетар. «Олтин тўп»ни ҳам олар. Лекин ўйлашимча, футбол ўз тарихидаги энг ажойиб учликдан айрилди. Мана шунинг ўзи «Барселона» томонидан туриб эмас, исталган томондан туриб қаралганда ҳам фожиага ўхшаш манзарани келтириб чиқаради.

PS: Бош қаҳрамон масаласига етиб ҳам келдик. Мессининг нигоҳига қараб туриб, мана қаҳрамон, деяпсизми? Йўқ, афсус, у эмас. Месси нари борса, Парижга чипта олаётган Неймарга: «Эл класикода ташлаб кетганингда, бир амаллаб эпладим, лекин бутун мавсумга... шу ҳам инсофданми?» деяётган бўлса керак.  

Бош қаҳрамонимиз ҳамманинг эсидан чиқаёзган Вальверде эди. «Барселона» бош мураббийи. У энди «буюк учлик»ка таяна олмайди. Ўзи яратмоқчи бўлган ўйин услубини, каталонияликларни ҳозирги вазиятда қутқариб қолиши мумкин бўлган янги ўйин назариясини майдонга тадбиқ этишга яқин турибди. “Барселона”га мураббийнинг кераги йўқ, деган гаплар ана энди эскиради. Париждан Каталония ҳисобига тушажак пулларни қандай сарфлашни кўпроқ шу инсон ҳал қилса, янги ўйинчилар билан янги “Барселона”ни кашф эта олса, ўйлайманки, икки-уч йилдан сўнг каталониялик ишқибозлар Неймардан ўша пайти яхшиям кетган экан, деб рози бўлиб юрадилар. Ҳозирча эса, бу фильм энди-энди бошланиш арафасида...

Хайрулла Ҳамидов

Кун янгиликлари
Ўқишга кира олмадингизми? Ташвишланманг, талаба бўлишингиз мумкин 
16:32 / 17.08.2017 57732 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 33364 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 41103 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 5049 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 16859 Ўзбекистон
16 август куни Тошкентда юз берган йўл-транспорт ҳодисалари
11:50 3419 Жамият
Шавкат Мирзиёев Бекободга ташриф буюрди
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 1086 Жамият
ОАВ: Россияда пластик пуллар пайдо бўлади
Кўпроқ янгиликлар