Неймардан кейинги ҳаёт. «Барселона»да унинг ўрнини ким эгаллайди?

Спорт 03 Август 2017 19532

Неймар «ПСЖ»га рекорд даражадаги маблағ эвазига ўтиши аниқ бўлди. У ўз трансфер ҳуқуқини 222 млн евро эвазига (фэйр-плей қоидалари бузилмаслиги учун шундай йўл тутилди) сотиб олди ва эркин агентга айланди. Энди у Париж клуби сафига бориб қўшилиши мумкин. 

«Барселона» кийим алмаштириш хонасида 11 рақамли футболка энди вакант. Июль ойи давомида Неймарнинг кетиши ҳақидаги хабарлар билан бир қаторда, унинг ўрнига ким келиши мавзуси ҳам муҳокама қилинди. Каталонияликлар энди ҳар томондан унга ўринбосар изламоқда.

Филиппе Коутиньо, «Ливерпуль»
Трансфер нархи: 45 млн евро (Transfermarkt.de маълумоти) 
«Барселона» учун энг яхши вариант. Коутиньо кўк-анорранглилар учун идеал даражадаги футболчилиги ҳақида бир неча йилдан буён гапиришмоқда. Аммо айнан ҳозир «Ливерпуль»нинг асосий юлдузи Каталония пойтахтига келиши ва асосий таркибдан ўрин эгаллаши мумкин. «Барселона» президенти Хосеп Бартомеу клуб ушбу трансфер борасида музокаралар бошлангани ҳақида очиқ айтмоқда. Неймарнинг тенгдоши бўлган бу футболчи «Барселона»нинг лотин америкаликлардан иборат учлигини тўлдириши, МСН ўрнига МСК пайдо бўлиши мумкин.

Аммо «Ливерпуль» ўз футболчисини осонликча қўйиб юбормайди. Шу вақтгача, 80, 100 ва 120 млн евролик таклифлар рад қилинди, мерсисайдликлар унга 150 млн евролик нарх белгилаб қўйган, жамоа бош мураббийи Юрген Клопп эса ўз шогирдини ҳеч қандай шарт билан ҳам бермаслигини айтиб, «Барселона»га кўп чиранмасликни тавсия қилган. Шунингдек – Коутиньо Испанияга келса, Неймар каби вингер вазифасини бажариши керак бўлади. Ҳолбуки у «Энфилд»да майдон марказида ҳаракат қилмоқда. Яна бир жиҳати, Коутиньо «Барселона»га Неймар борлигида келиши ҳақиқатга яқин эди. 

Лекин футболчи «Барселона» билан оғзаки келишувга эришгани ҳақида хабарлар мавжуд. Энди бутун дунё воқеалар жараёнини кузатади.
Ҳа: Техника, тезлик, бразилияликлиги, кейинги йилларда кўрсатаётган барқарор ўйини - Коутиньо Каталонияга ўтишига етарли сабаблар.
Йўқ: Юрген Клопп уни ҳеч қаерга қўйиб юбормоқчи эмас. Дўсти Неймарнинг кетгани ҳам Коутиньонинг қарорига таъсир кўрсатиши мумкин.

Килиан Мбаппе, «Монако»
Трансфер қиймати: 35 млн евро (Transfermarkt.de маълумоти)
Мбаппе йилнинг энг талабгир футболчиси. Унга даъвогар жамоалар қаторига энди «Барселона» ҳам қўшилган. «Монако»нинг «Олтин бола»си қойилмақом мавсум ўтказди ва ҳозирда трансфер бозоридаги асосий объектга айланди. Монегаскликлар унинг учун жуда катта пул сўрашади. «Барселона» иккинчи Тьерри Анри дейилаётган ушбу вундеркинд учун қанча пул сарфласа арзийди. «Монако» кутилганидек қатор етакчиларини сотди, Бернарду Силва ва Менди ложувард қирғоқларни Манчестерга алмаштирди, Бакойоко Лондонга йўл олди. Навбатда 18 ёшли Килиан.

Франциянинг амалдаги чемпионлари Мбаппени сотиб олишни истаган жамоа 180 миллион еврога эга бўлиши кераклигини маълум қилган. «Барселона»да Неймар трансфери орқали бундан ҳам кўп пул бўлади.  Қолаверса, шу вақтгача Мбаппе учун асосий даъвогар бўлиб келаётган «Реал»нинг бурни остидан уни илиб кетиш жамоанинг муҳим ютуғига айланиши мумкин. «Барселона»нинг янги мураббийи Эрнесто Вальверде эса ёшлар билан ишлашда катта тажрибага эга, у жамоада МСМ ҳужум учлигини туза олади.

Ҳа: Франциялик иқтидорнинг савияси Неймардан айрилган каталонияликлар ҳужумида унинг ўрнини билинтирмайди. Маркетинг нуқтаи назаридан ҳам бу идеал тренсфер бўлиши мумкин - Мбаппенинг номи айни вақтда жуда машҳур, унинг трансфери орқали жамоа рекламалардан катта маблағ топа олади.
Йўқ: Мбаппе болалигида «Реал» мухлиси бўлган, у Криштиану Роналду билан бирга тушган суратини ардоқлаб ўсган. Қолаверса, футболчи Францияда яна бир мавсум қолишни истайди.

Антуан Гризманн, «Атлетико»
Трансфер қиймати: 80 млн евро (Transfermarkt.de маълумоти)
Ҳеч ким Гризманн бутун фаолиятини «Атлетико»да ўтказишига ишонмаса керак? Антуан Европанинг энг яхши футболчиси сифатидан тан олиниши учун олдинга яна бир қадам ташлаши ва Симеоне қанотлари остидан чиқиши лозим. Унинг ўзи ҳам буни тушуниб турибди. Универсализм ва Гризманнинг ақл билан ўйнаши, исталган позицияда ҳаракатлана олиши «Барселона» учун янги ҳаво каби бўлиши мумкин. У келса, ҳужумдаги ранг-баранглик янада ортади. Антуан билан шартнома имзолаган клуб мавсумда ундан камида 20та гол кута олади.

Гризманн бу йил ёзда Мадриддан кетмоқчи эди, аммо жамоага ФИФА томонидан трансферлар бўйича қўлланган тақиқ унинг сафарини кечиктирди - франциялик футболчи садоқат намунасини кўрсатди. Лекин у «Барселона» туфайли хиёнат ҳам қилиши мумкин. Бу жамоа унга кўп совринлар, хусусан, Европа чемпионлар лигаси ғолиблигини ваъда қила олади. 

Ҳозирда Антуаннинг шартномасида 100 миллион евро бадал пули сифатида кўрсатилган. Бу бугунги кун стандартларида одатий нархга айланди. У Неймардан бир ёшга катта, аммо унинг ўйини ўйинқароқ бразилиялик футболчиникига нисбатан барқарор, у совуққонлик билан ҳаракат қилиб, кўпроқ гол уради. Гризманн ҳужумнинг барча нуқталарида ўйнай олади, у қанотларда ҳам, ҳужумнинг олдинги нуқтасида ҳам, ҳужум ортида ҳам бирдек самара келтиради. У Вальверде учун ҳақиқий хазина бўлиши мумкин. Агар у трансфер қилинса, «Барселона» бир ўқ билан икки қуённи урган бўлади - ҳужум чизиғида юқори савияли футболчига эга чиқади ҳамда Испания чемпионатидаги иккинчи рақибини курашдан чиқаради, «Атлетико» анча вақтгача Гризманн ўрнини тўлдира олмаслиги тайин.

Ҳа: Испания чемпионати тўпурари «Барселона» учун энг мос вариант.
Йўқ: Масъулиятли ва ҳурматли бир футболчи сифатида у жамоасига яна содиқ қолиши мумкин. Унинг устози Симеоне ҳам кетишга икки марта чоғланиб, қолишга қарор қилганди.

Усмон Дембеле, «Боруссия Д»
Трансфер қиймати: 33 млн евро (Transfermarkt.de маълумоти)
У Мбаппе каби зўр вариант эмас, аммо истиқболда катта нарса кутса бўлади. Ҳам анча арзон. Усмон Дембеле – Франция футболининг янги авлоди юлдузларидан, у ҳам кейинги жаҳон чемпионатида порлаши кутилмоқда. Дембеле ўйин услуби билан Неймарни эслатади – у ҳам темпни ўзгартириб рақибларни алдай олади, икки оёғида ҳам бирдек ҳаракатлана олади, якуний зарбани бера олади. Албатта Неймар каби барқарорликка эришиш учун ҳали вақт бор, у ҳали вазиятларни голга айлантириш устида ишлаши керак, аммо икки йил ичида Усмон Неймарга тенглашиб, «Олтин тўп» учун унга рақобатчилик қила олади.

Пауло Дибала, «Ювентус»
Трансфер қиймати: 65 млн евро (Transfermarkt.de маълумоти)
Бир неча йил муқаддам Дибала «Барселона»га ўтиш учун Ўрта Ер денгизини сузиб ўтишга тайёрлигини маълум қилганди. Ҳозир Пауло ўз баёнотларида эҳтиёткор, аммо унинг «Барса»га муҳаббати ҳеч кимга сир эмас. Ахир аргентиналик ўсмирлар Лео Месси билан бир жамоада ўйнашни орзу қилиб катта бўлмайдими? «Барселона» учун Дибала ҳам идеал вариант бўлиши мумкин – у пасларни аниқ узатади, ўзи вазиятлар яратади ва ўзи ҳужумларни аъло даражада якунлайди. Қолаверса, «Ювентус»нинг кейинги йиллардаги сиёсати шуни кўрсатмоқдаки, мўмай пул эвазига ўз етакчилари билан хайрлашаверади. Бир томондан Чемпионлар лигаси финаллари катта ўйинларда Пауло йўқолиб қолишини ҳам кўрсатди.

Эден Азар, «Челси»
Трансфер қиймати: 75 млн евро (Transfermarkt.de маълумоти)
Эден Азар – замонавий футболдаги энг яхши дриблёрлардан бири, Англия чемпиони бўлган жамоа етакчиси, умуман олганда,«Барселона» учун мос футболчи. У «Челси»дан Испанияга космик нарх эвазига келиб, ишончни оқлай олади.

Анхель Ди Мария, «ПСЖ»
Трансфер қиймати: 40 млн евро (Transfermarkt.de маълумоти)
Ҳа, шундай гаплар бор. Бир неча йил муқаддам Виктор Вальдесни эмаклатиб, «Камп Ноу»ни жим қилган бу футболчи энди кўк-анорранглилар футболкасини кийиши ҳам мумкин. Испаниядаги ва Франциядаги нашрларнинг ёзишича, «Барселона» «ПСЖ» билан ушбу аргентиналик футболчи трансфери борасида музокара ўтказмоқда. Ди Мариянинг номзоди Мессининг ташаббуси, бу инсон эса кейинги йилларда «Барселона» трансфер сиёсатида кўп нарсани ҳал қилмоқда. Анхель – каталонлар учун ёмон вариант эмас. Аммо унинг ёши 30да (у Месси ва Суаресга тенгдош), ўз олдига улкан мақсадлар қўювчи клуб эса ёшроқ ҳужумчиларни трансфер қилиши маъқул.

Кун янгиликлари
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 47776 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 7798 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 18913 Ўзбекистон
Тошкентда Осиё-Океания кураш конфедерациясининг 1-конгресси бўлиб ўтади
19:43 0 Спорт
Шавкат Мирзиёев: Ўқувчилар бир хил форма кийиши керак
Фавқулодда вазиятлар ҳақида хабар бериш тизими модернизация қилинади
Лицей ўқитувчилари тест ва суҳбатдан сўнг ишга қабул қилинади
180 млн сўмлик адёлларни божхона назоратидан яширишга уринган шахслар фош этилди
19:31 192 Жамият
Alibaba’нинг соф даромади икки маротабага ошди
Испаниядаги терактларда 34 мамлакат фуқароси ҳалок бўлди ва жабрланди
19:15 1013 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар