2017 йилнинг 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда маданият, санъат, адабиёт ва ОАВдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳамда келгусидаги вазифалар кўриб чиқилди. Йиғилишда барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда қатор идора, ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Видеоселектор йиғилишида иштирок этган Кун.uz мухбирининг маълум қилишича, Президент давлат Ўзбекистондаги ижодкорлар учун алоҳида буюртмалар асосида ишлаши ҳақида гапирган. Таниқли шоирлар Анвар Обиджон, Ҳалима Худойбердиева буюртма асосида асарлар ёзиб бериши ҳақида фикр билдирилган. 

Бундан ташқари, “Ўзбеккино” ташкилоти Мирзо Улуғбек, Ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд тўғрисида арзирли кинофильм ярата олмаётгани учун алоҳида танқидга олинди. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев Мирзо Улуғбек ҳақидаги кинофильм устида ишлаётгани, жаҳон киноэкранларига чиқадиган даражадаги фильм яратилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилган. Кинематографияда айниқса жуда орқада қолиб кетганимиз айтилди. Энди шу соҳани ривожлантириш учун катта маблағ берилиши маълум қилинган. “Ўзбеккино” қошидаги жамғармага 200 млрд сўм ва 5 млн доллар берилиши хабар берилди.

Йиғилишда “Ўзбекфильм”, “Қорақалпоқфильм” киностудияларини таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини кучайтириш, энг замонавий технологиялар билан таъминлашни кўзда тутадиган Президент қарори тайёрланаётгани эълон қилинди. Бу ҳужжатга кўра, “Ўзбеккино” миллий агентлиги учун давлат буюртмасига асосан ишлаб чиқариладиган бадиий фильмлар сонини 2018 йилда 20 та, 2020 йилда 30 тага, мультипликацион фильмлар сонини эса 2018 йилда 15 та, 2022 йилдан бошлаб 50 тага етказиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, агентлик ҳузурида Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси тузилади.