Халқ депутатлари Шаҳрихон туман Кенгашининг 31-сессиясида бир қатор судьяларнинг, хусусан жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман суди раиси Ш.Шодмонов, фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро суди раиси в.б. С.Юлчиева, Бўз туманлараро иқтисодий суди раиси в.б. У.М.Сайдаҳмедовнинг 2017 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича судлар томонидан амалга оширилган ишлари юзасидан ахбороти тингланди.

Бўз туманлараро иқтисодий суди раиси в.б. У.М.Сайдаҳмедов ўз ахборотида фаолиятини жорий йилнинг 1 июнидан бошлаган Бўз туманлараро иқтисодий судига 108та иш келиб тушган, хўжалик ишларини 70 фоизидан кўпини очиқ сайёр судларда кўриш учун тайинланганлигини маълум қилди. 2017 йилнинг биринчи ярмида Андижон вилоят иқтисодий суди томонидан Шаҳрихон тумани кесимида жами 1121та хўжалик иши кўрилган.

6 ой давомида кўрилган хўжалик ишларини туркумларга таснифлаганда энг кўп иш солиқ қарзи бўйича ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш юзасидан кўрилган бўлиб, бундай ишлар сони 652тани ташкил қилган. Шунингдек, банклардаги ҳисобварақалар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш юзасидан 208та, банкрот деб эътироф этиш юзасидан 95та, коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан 38 та, кредит шартномаси юзасидан 29та, контрактация шартномаси юзасидан 23та, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан 22та иш кўрилганлиги депутатларга маълум қилинди.

Андижон вилояти бўйича Халқ депутатлари кенгашлари депутатларига судларнинг ахборот бериш ишлари давом этмоқда.