2017 йилнинг 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда маданият, санъат, адабиёт ва ОАВдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳамда келгусидаги вазифалар кўриб чиқилди. Йиғилишда барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда қатор идора, ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Видеоселектор йиғилишида иштирок этган Кун.uz мухбирининг маълум қилишича, Президент ўз сўзининг бошида маданият ва спорт тизимидаги муаммоларни очиқ-ойдин айтиш пайти келганлигини таъкидлаган. Шавкат Мирзиёев маърузасида Тошкентда Ислом маданият марказининг ташкил этилиши ҳақида гапириб, Имом ал-Бухорийнинг ҳадислар илмига берган ҳиссаси ҳақида тўхталиб, ҳадисшунослик мактабини ташкил қилиш ҳақида гапирган.

Президент Ислом маданият марказини қуриш учун араб мамлакатлари ва бошқа давлатлардан кишилар таклиф билан чиқишгани, лекин бу марказ айнан Ўзбекистоннинг кучи билан қурилишини таъкидлаб ўтди.