ХХ аср иккинчи ярмидан бошлаб Собиқ Иттифоқ раҳнамолигида ташкил этилган бир нечта давлатлар СССР парчаланиб кетгандан кейин ҳам ўз ғояларига содиқ қолмоқда. Бу давлатлардан бири Куба бўлиб, унинг етакчиси бутун умри давомида «империалистик» ҳокимиятларга қарши курашиш билан ўз сиёсатини қувватлантирди. Бундай чигал вазиятларда ҳақиқат юзага чиқиши мушкул вазифа, аммо «ташқи душман» ҳақида ваҳима яратиб, халқни ҳимоя қилиш зарурлиги диктаторларга хос характер ҳисобланади. 

Аммо, Венесуэлада юз бераётган зиддиятлар ва тўполонларнинг узоқ масофадаги халқларга қандай таъсири бўлиши мумкин? Турли тил, маданият ва эътиқод вакилларининг қарашлари ҳам турфа хил бўлиши табиий. Барча ислоҳот ва янгиланишлар замирида инсон омили турар экан, Венесуэла масаласига ҳам жиддий эътибор қаратиб ўтамиз.

Халқ азият чекмоқда...

Давлатлар ўртасида пайдо бўлаётган ихтилофлар, иқтисодий санкция ва тақиқлар бевосита оддий аҳолининг кундалик турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Халқ орасида ҳозирданоқ «Мадуро диетаси» (Николас Мадуро мамлакат президенти саналади) ибораси пайдо бўлган бўлиб, бу кам овқат ейиш, дори-дармон ва бирламчи эҳтиёжлар учун керакли воситаларнинг етишмовчилигига нисбатан ишлатилади. Ўтказилган ижтимоий сўровномага кўра, респондентларнинг 72 фоизи сўнгги бир йил давомида ўз вазнини йўқотиб бораётганини, 32,5 фоизи эса тўйиб овқатлана олмаётганини билдирган.

Халқаро нефть ва газ савдоси мувозанатда эмас

Венесуэла нефть ва газ захираларига бой давлатлардан бири ҳисобланади. Унга нисбатан қўйилган санкциялар нафақат ички имкониятларга, балки жаҳон нефть бозорида ҳам ўз аксини кўрсатади. АҚШга минтақадаги нефть етказиб берувчи давлат қаторида иккинчи ўринда турган Венесуэланинг даромади асосан қора олтин ҳисобидан бўлиб, бир баррель нефтьнинг нархи сўнгги кунларда 50.7 доллари қийматида баҳоланган.

Қўшни мамлакатларга бошпана излаб келувчи муҳожирлар сони ортиб боради

Мамлакат ичида сиёсий тарқоқликларнинг авж олиши ҳали ҳеч нарса эмас, агар қуролли тўқнашув ёхуд намойишлар кўпаймаса. Сўнгги олти ой давомида 21,600 нафар венесуэлалик фуқаролар чет давлатлардан расман бошпана сўраб мурожаат қилган. Вазият кескинлашиб бориши минтақада иккинчи Сурияни эслатиб юбориши мумкин.