Филиппин президенти Родриго Дутерте иқтисодий маслаҳатчиларининг тавсияларини рад этган ҳолда, мамлакатнинг барча олий таълим муассасаларида бепул таълим олиш имкониятини тақдим этувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

"Мамлакат раҳбарининг фикрича, айнан шундай қонунинг қабул қилиниши бюджет тақчиллигини ечишда янги имкониятларни тақдим этади", деб хабар беради президент Матбуот котиби ўринбосари Менардо Гуверра.

Бундан аввал иқтисодий маслаҳатчилар Дутертега мамлакат бюджети йиллик икки миллиард АҚШ доллари қийматидаги лойиҳани қоплай олмаслигини билдирган эди. Бундан ташқари унга таълим олаётган талабаларнинг 12 фоизигина иқтисодий имконияти чекланган оилалар фарзанди экани ҳам етказилган.

Шунингдек, президент маъмурияти Дутертенинг олти йиллик ваколат муддати якунига етгунга қадар мамлакат инфатузилмасини ривожлантириш учун 180 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни мақсадли сарфлаш режалаштирилганини билдирди.