Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Таро Конони Япония ташқи ишлар вазири лавозимига тайинлангани билан табриклаб мактуб йўллади.

“Ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз ўртасида икки ва кўп томонлама муносабатларнинг барча жабҳалари бўйича 2002 йилда қабул қилинган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида очиқ ва самарали сиёсий мулоқот ўрнатилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни хоҳлардим”, - дейилади Комиловнинг мактубида.

Таъкидланишича, 2015 йилнинг октябрь ойида Япония бош вазири Синдзо Абенинг Ўзбекистонга расмий ташрифининг муваффақиятли ўтиши Ўзбекистон-Япония муносабатларининг юқори даражада эканлигини яна бир бор кўрсатди ҳамда икки томонлама ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантиришга янгича суръат бахш этди.

“Биз жаноб Синдзо Абенинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратамиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги олий даражадаги сиёсий мулоқотнинг янада ривожланиши, кўп қиррали ҳамкорлигимизни амалий мазмун билан бойитиш тарафдоримиз”, - дейилади табрик мактубида.

Комиловнинг ишонч билдиришича, Таро Кононинг кўмагида Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатлари ва стратегик шериклик икки давлат халқлари фаровонлиги йўлида келажакда ҳам ҳар томонлама ривожланади.