Қўл соати ва кўзойнаклардан тортиб умрбод маҳрум этишгача... Дунё мамлакатларида тестлар қандай ўтади?

Ўзбекистон 04 Август 2017 36727
Иллюстратив фото

2017 йил 1 август куни Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Бу жараён мамлакатдаги барча ОАВ орқали кенг ёритилди. Шу билан бирга, бу йилги тестга киришдан аввалги текширувлар ҳар йилгига қараганда жиддийроқ ташкил этилди. Республика тест тарихида биринчи марта Тошкент давлат юридик университети имтиҳонни кенг майдонли биноларда онлайн намойиш қилган ҳолда олиб борди.

Шу билан бирга, текширувларнинг жиддий ва қаттиққўллик билан ташкил этилгани ижтимоий тармоқларда турли фикрларга сабаб бўлди. Баъзилар, қоидабузарларни киритмасдан тўғри қилиниши, тартибга риоя қилиниши кераклигини айтишса, бошқалар мобил қурилма ва шпаргалкалар билан қўлга тушганлар ҳам узоқ тайёрланишгани, улар ҳали ёш бўлгани сабабли, ортиқча жиҳозларини олиб қўйган ҳолда имтиҳонга киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди, ёшларни катта ҳаётга илк қадамидан зарба бериш яхши эмаслигини айтишди. Кўпчилик, шу даражадаги қаттиққўллик билан дунёга шарманда бўлинганини ҳам иддао этишди. Уларга кўра, дунёнинг ҳеч бир давлатида Ўзбекистонда бўлгани каби тестга кираётганларга қаттиққўллик бўлмас эмиш. Хўш, бу фикрлар қанчалик тўғри? Бундай даъволарни илгари сураётганлар ўша давлатлар тест жараёнларини қанчалик яхши билишади?

Қуйидаги тадқиқотимизда турли мамлакатларда ОТМга кириш имтиҳонлари ва қоидабузарликлар учун қандай чоралар кўрилиши ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Демак, мақсадимиз атиги иккита саволга жавоб топиш:

  1. Дунёнинг турли мамлакатларида ОТМларга кириш тартиби қандай?
  2. Тест топшириш қоидасига риоя қилмаганларга қандай чоралар кўрилади?

Кўплаб мамлакатларда имтиҳон топшириш жараёни марказлаштирилган. Тест синовлари Таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган вазифалар бўйича ягона материаллар асосида мамлакатнинг барча минтақасида ўтказилади. Дунёнинг турли мамлакатларидаги ОТМга кириш тестлари қуйидагича ташкил этилади.

Италия

Иллюстратив фото

Масалан, Италияда битирувчилар Қабул комиссиясига Таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган иккита ёзма ва битта оғзаки имтиҳон топширади. Ёзма имтиҳонларни вазирлик йиғиб олади. Оғзаки имтиҳон эса, мактабнинг иккита фани бўйича ташкил этилади. Шу билан бирга, эътиборли жиҳати, имтиҳонларда фақат ижобий баҳоларга эга ўқувчилар қатнашишига йўл қўйилади. Имтиҳон натижасига кўра, мамлакат ОТМларига кириш ҳуқуқини берадиган диплом берилади.

Айрим давлатларда имтиҳон топшириш жараёни қисман марказлаштирилган.

Германия

Иллюстратив фото

Германияда ОТМга кириш ҳуқуқини берадиган Abitur аттестатини олиш учун мактаб битирувчилари 4 та ёзма (2 таси оддий ва 2 таси кучайтирилган) ва оғзаки имтиҳон топширади. Имтиҳонларга 28 та курсни тўлиқ ўқиганлар кириши мумкин. Имтиҳондан муваффақиятли ўтганлар мамлакатнинг исталган ОТМга ўқишга кира олади. Бундай марказлаштирилган имтиҳонлар 16 та федерал ерларнинг 6 тасида ўтказилади.

Англия

Иллюстратив фото

Англияда мажбурий таълим курслари имтиҳонлари марказлаштирилган ҳолатда ташкил этилади. ОТМга кириш учун эса 2 йиллик махсус таҳсил олиши ва кучайтирилган даражадаги имтиҳондан ўтиши шарт. Бу имтиҳонлар махсус мустақил ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилади ва ўтказилади. Аммо Таълим вазирлиги дастур таркиби бўйича тавсиялар беради. Мамлакатдаги аксарият олий ўқув юртлари 2-3 та фандан имтиҳон топширишни талаб қилади.

Франция

Иллюстратив фото

Францияда ОТМга кириш учун академик лицейни тамомлаш ва бакалавр дипломини олиш талаб этилади. Битирувчилар лицейда ўрганиладиган фанлар бўйича оғзаки ва ёзма имтиҳон топширишади. Фақат француз адабиётини барча бирдек топширади. Бирмунча обрўли университетлар ва оддий университетларнинг айрим факультетлари қўшимча Concours имтиҳонидан ўтишни ҳам талаб қилади. Таълим вазирлиги имтиҳонлар мавзуси, ўтказиш тартиби ва жадвалини аниқлаб беради. Имтиҳон варақалари академиялар томонидан ишлаб чиқилади, жавобларни ўқитувчилар текширади.

Америка Қўшма Штатлари

Иллюстратив фото

Мактаб битирувчиларини коллеж ва университетларга қабул қилиш бўйича энг мураккаб жараёнлардан бири АҚШда бўлади. Қўшма Штатларда таълим беришнинг ягона дастури ва ягона миллий битирув имтиҳонлари йўқ. Ўрта мактаблар битирувчиларининг билимини ўлчашнинг ягона усули ўқилган курслар сони ҳисобланади. АҚШда энг кенг тарқалган ва ОТМга киришда эътиборга олинадиган тестлар – SAT (Scholastic Achievement Test) ва ACT (American College Testing) имтиҳонларидир.

Шу билан бирга, таъкидлаш жоиз, 12-синф битирувчиларга тақдим қилинадиган саволлар жуда ҳам енгил. У мураккаблиги бўйича Европа давлатларининг 7 ва 8 синфлари даражасига тўғри келади. Коллеж ёки университетга кириш учун меъёрий имтиҳон топширилади. У математика, иншо ва матнни таҳлил қилиш қисмидан иборат бўлади. Агар ўқувчи биринчи сафар тестдан ўта олмаса, яна 5 марта уриниб кўра олади.

Шунга қарамай, АҚШда мактаб имтиҳонлари ва ОТМга кириш имтиҳонларида турли ноқонуний йўллар, шпаргалкалардан фойдаланиш оммалашиб бормоқда. Бунда шпаргалкалар сайтидан тортиб мия фаолиятини кучайтирадиган дорилар истеъмол қилишгача кузатилади. АҚШда имтиҳон олувчилар учун Ўзбекистонда бўлгани каби мобил телефонлар ва планшет компьютерлар бош оғриқ ҳисобланади.

Нидерландия

Нидерландияда битирув имтиҳонлари 6–7 та фандан ўтказилади, уларнинг 3 таси (голланд тили, инглиз тили, француз ёки немис тили) мажбурий. Қолганларини ўқувчининг ўзи танлай олади. Имтиҳоннинг марказий қисми барча мактаблар учун бир хил бўлиб, назарий билимларни билишга қаратилган. Имтиҳон натижаси аттестатга қўйилади ва шу орқали ОЎЮга қабул қилинади.

Финландия

Финландиялик ўқувчилар энг омадлилар ҳисобланади. Улар хоҳласа, умуман имтиҳон топширмасликлари мумкин. Чунки, касб-ҳунар коллежига мактабни битирганлик гувоҳномаси билан кириш мумкин(зотан, Ўзбекистонда ҳам шундай). Аммо, финландиялик ўқувчи 3 йил махсус гимназияда тайёрлангач, ОТМга кира олади. Бунда фин тили, швед тили ва хорижий тил, математика ёки табиий фандан ягона умуммиллий имтиҳон топшириш талаб этилади. Шу билан бирга, бу имтиҳон анча содда бўлиб, битирувчилар осонлик билан топширади.

Имтиҳон иккита педагог назоратида ўтказилади. Ўқувчи барча жиҳозларини ташқарида қолдиради. Имтиҳон учун керакли нарсалар хонада тайёр ҳолда бўлади. Аммо ҳар қандай луғат ва маълумотномаларни ўзи билан олишга рухсат берилади. Бирор киши билан маслаҳатлашиш ва кўчириш тақиқланади. Акс ҳолда имтиҳондан чиқариб юборилади. Шу билан бирга, бу имтиҳонлар натижалари ОТМга киришга таъсир қилмайди. ОТМ учун кириш имтиҳонлари топширилади.

Исроил

Исроилдаги имтиҳонлар бирмунча қизиқ дейиш мумкин. Ўқувчилар Исроил ОТМларига киришлари учун психометрик имтиҳон топширишлари талаб этилади. Натижанинг амал қилиш муддати 7 йилгача деб белгиланган. Уни истаганча топшириш мумкин, аммо ҳар бир уриниш орасида камида 6 ой ўтиши керак.

Бу имтиҳон 3 та асосий йўналишга доир тестлардан иборат: инглиз тили, математика ва фикрлаш (мантиқ). Турли ўқувчилар учун имтиҳон турли тилларда ҳам ташкил этилади: испан, француз тили (йилда 1 марта), араб тили (йилда 4 марта), рус тили (йилда 2 марта) ва иврит тили (йилда 5 марта).

Талабларнинг қаттиқлигига қарамай, исроиллик битирувчилар бир неча марта айёрликлардан фойдаланишга уринишган. Масалан, 2010 йилда ўқувчилар синф раҳбарларининг электрон почтасини бузиб, унинг номидан таълим департаментига мактуб йўллашган ва унда тест саволларига жавобларни беришни сўраган.

Хитой

Иллюстратив фото

Хитойни давлат имтиҳонлари борасида энг қаттиққўл мамлакат дейиш муболаға бўлмайди. Бу мамлакатда давлат имтиҳонлари «Гаокао» деб аталади. Анъанага кўра, у барча мактабларда бир кунда ва бир вақтда ўтказилади. Битирувчилар энг зарур нарсалар: ручка, қалам, ўчирғич, линейка ва циркулни олишлари мумкин. Қолган барчаси тақиқланган. Ҳатто идишларда ичимлик суви ҳам олиб келиш мумкин эмас. Имтиҳон хоналарида детекторлар, камералар, мобил сигналларни тўсувчилар бор. Имтиҳонларда бевосита ўқувчиларнинг ўқитувчилари иштирок этишлари ҳам тақиқланган. Уларни бошқа педагоглар алмаштиришади. Бундан ташқари, таълим бошқармаси ва шунчаки бегона кишилар иштирок этади.

Имтиҳонлар 2 кун бўлиб ўтади. Биринчи куни эрталаб 2,5 соат адабиёт ва хитой тили саволларига ажратилади. Тушдан сўнг, хорижий тил ва математика. Иккинчи кун яна битта мажбурий фандан имтиҳон топширилади. У танланган ОТМга кўра белгиланади. Натижалар фақат компьютер воситасида аниқланади. Инсон омилини йўқ қилиш учунгина қилинади.

Хитойда турли тақиқланган воситалардан фойдаланиш, масалан, кўчириш, шпаргалкаларни қўллаш ўта жиддий жазоланади. Қоидабузар умрбод имтиҳон топшириш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Унинг авф этилиши ёки қайтадан имтиҳон топшириш имконияти нолга тенг. Бундан ташқари, ОТМга кириш учун таниш-билишчилик, пора бериш ҳақида умуман гап бўлиши мумкин эмас. Хитой ҳукумати, шунингдек, барча имтиҳон варақаларини махфий сақлаш учун пул ҳам ажратади.

Япония

Иллюстратив фото

Японияда абитуриент ОТМга кириши учун 2 турдаги синовдан ўтиши керак. Биринчиси – UECE (University Entrance Center Examination,) – марказлаштирилган имтиҳон бўлиб, ОТМга киришдан 6 ойлар аввал ўтказилади. Бу имтиҳон барча давлат ОТМларига киришда мажбурийдир. У тест кўринишида бўлиб, 12 та фандан ўтказилади. Фанлар сони танланган ОТМга боғлиқ. Иккинчи тур имтиҳонлар университетлар томонидан ўтказилади. У бирмунча марказлаштирилган имтиҳондан мураккаброқ бўлиб, ОТМ мутахассислари томонидан тузилади.

Жанубий Корея

Иллюстратив фото

Бу давлатда мактабни битирув имтиҳони мавжуд эмас, чунки ўрта таълим мажбурий ва аттестат барча битирувчига берилади. Бироқ, Жанубий Кореяда олий таълим олишни деярли барча битирувчилар хоҳлаши эътиборидан ҳукумат бу жараёнга диққат билан ёндашади.

Масалан, имтиҳонлар чоғида самолётлар қўнишлари мумкин эмас. Шу сабабли, имтиҳон кунида барча эрталабки ва кундузги парвозлар вақти ярим соатга ўзгартирилади. Имтиҳоннинг ўзига келадиган бўлсак, асосан 4 та фан: корейс тили, инглиз тили, тарих ва математикадан имтиҳон топширилади. Бундан ташқари яна 3 та алоҳида фан танловга кўра киритилади. Имтиҳонларда бошқа педагоглар бўлади. Саволлар варақалари олиб келинган пакетлар мамлакат бўйлаб бир вақтда очилади. Ўқувчи ўзи билан бирга шахсини тасдиқловчи ҳужжат, ручка, қалам ва ўчирғични олиб кириши мумкин. Телефон ва планшетларни олиб кириш тақиқланган.

Норвегия

Норвегияда битирувчилар ва ОТМга кирувчилар махсус ноутбукларда имтиҳон топширишади. У кўчириш ёки шпаргалкадан фойдаланишни назорат қиладиган дастурлар билан жиҳозланган бўлади.

Бразилия

Бразилияда ENEM (Ягона давлат имтиҳони)ни хоҳлаган киши топширади. Бунинг учун олти ой аввал рўйхатдан ўтиб, маълум бир тўловни амалга ошириш керак. Бепул ОТМларга кириш учун эса, мактаб битирув имтиҳонларининг ўзи кифоя қилади. ENEM икки кун ўтказилади. Биринчи куни табиий ва айрим гуманитар фанлардан саволларга 4 ярим соатда жавоб топиш талаб этилади. Иккинчи куни тил фанлари, математика ва иншога 5 ярим соат вақт тақдим этилади.

Тестга фақат шаффоф ручка ва қалам олиб келиш мумкин. Қолган барча нарсалар мутлақ тақиқланган. Ҳатто, қўл соати, қора кўзойнаклар ва бош кийимлар ҳам шу жумладан. ENEM – кўнгилли тарзда топширилади. Қоидабузарлар қайта топшириш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда хонадан чиқариб юборилади.

МДҲ мамлакатларида давлат имтиҳонлари қандай ташкил этилади?

Умуман, айтиш керакки, МДҲнинг айрим мамлакатларида ягона кириш имтиҳонлари жорий этилмоқда. Масалан, Украинада Ташқи мустақил тест синови жорий қилинган. 2010 йилдан битирувчилар украин тили ва адабиёти, математика ёки Украина тарихидан мажбурий имтиҳон топширишади. Қолган фанлардан яна 2 та фандан ихтиёрий танлаб имтиҳондан ўтади.

Қозоғистон

Фото: Tengrinews

Қозоғистонда ОТМга кирмоқчи бўлган битирувчилар Ягона Миллий тест синовини топшириши мажбурийдир. Олимпиада ғолиблари ва имтиёзли аттестат соҳиблари ҳам имтиҳон топширишади. Қолганлар оддий битирув имтиҳонларини топширишлари мумкин. ЯМТ 5 та фандан иборат бўлиб, 4 таси мажбурий, биттаси абитуриент танлаган соҳага боғлиқ бўлади.

Бошқа мамлакатлар хусусида қисқача қуйидагиларни айтиш мумкин:

Швейцария, Исландия, Филиппин ва Кипрда ҳар бир мактабнинг ўз имтиҳони бор.

Тайландда ва Ҳонконгда 2 та имтиҳон топширилади. Бири марказий ва иккинчиси ҳар бир мактабда алоҳида.

Канада, Скандинавия мамлакатлари, Австрияда оғзаки ва ёзма имтиҳонлар олинади.

Умуман, дунёнинг барча мамлакатларидан фақат 19 тасида марказлаштирилган имтиҳон олинади. Ўзбекистондаги тест топшириш жараёни қанчалик қаттиққўллик билан ўтишини баҳолаш абитуриент виждонига ҳавола.

Толиб Раҳматов

Кун янгиликлари
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 93950 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 46029 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 51315 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 9160 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 20012 Ўзбекистон
Бразилия полицияси мавжуд бўлмаган спортчиларда пул қилган гуруҳни аниқлади
00:50 98 Жаҳон
Барселонада “Европанинг исломлашувига” қарши намойиш тарқатиб юборилди
00:40 427 Жаҳон
Олий Мажлис сенаторларидан бирининг ваколати муддатидан аввал тугатилди
Трамп ўзининг бош маслаҳатчаларидан бирини бўшатишга қарор қилди
00:24 321 Жаҳон
Дунёдаги энг кекса қочқин аёлга Швецияда бошпана бериш рад этилди
00:11 1193 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар