Республикачи сенатор Жон Маккейн 3 августда АҚШ президенти  Дональд Трампнинг АҚШ конгресси Россия билан муносабатларнинг ёмонлашишига жавобгар эканлиги борасидаги сўзларига эътироз билдирди.

Трамп Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Вашингтон ва Москва муносабатлари  “мисли кўрилмаган ва жуда хавфли паст даражада эканлигини” ёзган. “Бизга тиббий суғуртани бера олмайдиган конгрессга, одамларга миннатдорчилик билдиришингиз мумкин”, деб айтган.

Маккейн ўз микроблогида Трампнинг фақатгина “хавфли паст даража” борасидаги фикрига қўшилишини айтган. Сенатор “Сиз Россия президенти Владимир Путинга бизнинг демократияга тажовуз қилгани, қўшнилари ҳудудига бостириб киргани ва ҳамкорларимизга таҳдид қилгани учун миннатдорчилик билдиришингиз мумкин”, деб айтган.

2 августда Трамп конгресс томонидан қабул қилинган Россия, Эрон ва Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларнинг янада кучайтирилиши ҳақидаги қонунни имзолаган. Трамп шу билан бирга ушбу қонунни зарар етказувчи, унинг бир қатор бандларини эса АҚШ конституциясини бузувчи деб атаган. Трамп шу билан бирга Москва билан ҳамкорлик қилишга умид билдирган.