Беларуснинг Obrazovanie.by сайтида 2013 йилда Дмитрий Сандаков муаллифлигида эълон қилинган ушбу киноя мақолада олий таълим равнақи илдизга болта урувчи ҳолатлар ва иллатлар санаб ўтилган. Ушбу мақолани эълон қилишимиздан мақсад — мутасаддиларимиз ва муштарийларимизнинг ҳам диққат эътиборини масалага бирров қаратиш.

Мен қисқа мазмунда қандай қилиб олий таълим муассасасидаги таълим тизимини парчалаб, уни «ногирон» қилиб қўйиш ҳақидаги гапириб ўтмоқчиман. Бу дастур кимга ва нима учун керак эканлиги ҳақида қуйироқда суҳбатлашамиз.

Хуллас, таълим тизимида асосий ўрин «юқоридан пастга» тамойили асосида ишлаб келувчи кадрлар масаласида қолар экан, мен ҳам олий таълим муассасаси кўринишида дастурнинг етти босқичини ёритиб беришга ҳаракат қиламан.

1. Ижодкор ва илҳомбахш ўқитувчининг интилишларини сўндириш лозим

Умумий ғоя: Ҳар даврда кўп таъкидлангани каби «кадрлар барча масалани ҳал қилади». Ҳар бир таълим муассасасида ҳали ҳануз янгиликка интилган, ижодкор ва ғайратли педагогларни топиш мумкин. Кам сонли қолган бу турдаги ўқитувчилар ўз ишларини ойлик маош илинжида ёки қўрқув исканжасида эмас, балки қизиққанидан, касбини ҳурмат қилиб, севганидан бажаради. Қандай қилиб уларнинг шижоатини йўқ қилиш мумкин? Шунчаки ўқитувчини таҳқирлаш лозим. Уни шундай хафа қилиш керакки, умрини бахшида этган тизимга нисбатан меҳр қолмасдан, ҳафсаласи пир бўлсин. Одатда адолатсизликка чидай олмаган инсоннинг иродаси ўта кучли бўлмайди, у муғомбирлик қила олмайди.

Ҳаракат режаси: Кишининг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва меҳнат қадрини унга тўланаётган маош билан ўлчаш мумкин. Педагог учун тўланадиган пул шу даражада паст бўлиши керакки, у муҳтож ва қашшоқ инсон сингари турмуш қийинчилигига шўнғиб кетсин. Аввалги ижодкорлик ва интилувчанликдан асар ҳам қолмайди. Қўшимчасига иш шароитида ноқулайликларни кўпайтириш лозим: принтер йўқ, қоғоз етишмайди, қаҳвадан гап ҳам очмаймиз.

2. Устозларнинг обрўсини тўкиб, мақомини тушириш керак

Умумий ғоя: Дастурда тушунтирилган биринчи босқичнинг мантиқий давоми сифатида навбатдаги «қуёнлар»ни отамиз. Эндиликда талабалар олдида қўлидан ҳеч иш келмайдиган, омадсиз ва қашшоқ «домла» образини яратамиз. Иш жойидаги шароитини тиклаш учун ўқитувчи талабасидан қоғоз сўрасин, дарсликларни чоп этиб беришини илтимос қилсин. Талабалар эса рўпарасида автобусда ишга келиб, пиёда кетадиган ўқитувчисининг қандай раҳбар бўлиш одоби тўғрисидаги маърузасини тингласин.

Ҳаракатлар режаси: Дастурнинг биринчи босқичига қаралсин!

3. Ўқув жараёнида қоғозбозликни кучайтириш белгилансин

Умумий ғоя: Ҳарбийларнинг бир мантиғи бор: аскарнинг хаёлига аҳмоқона фикр келиб қолмаслиги учун у доимо банд бўлиши лозим. Нима иш қилиши муҳим эмас, у банд бўлсин. Таълим бераётган ўқитувчининг ҳам бошига ёрқин фикрлар келиб қолмаслиги учун у банд бўлиши керак. Менимча ўқитувчини далага олиб чиқиб ишлатиш «мода»дан қолди, бошқа нарсани таклиф этаман. Педагогларни аҳамияти паст бўлган қоғозларни тўлдиришга жалб этамиз.

Ҳаракатлар режаси: Ҳисобот ва ҳужжатларни мазмун, шакл, ҳажм ва мавсум талабларидан келиб чиқиб педагог тўлдириб юриши керак. Бу ўқитувчи зоти бир ишни жуда тез ўзлаштириб олади, демак қоғоз тўлдириш ҳам қўл учидаги ишга айланиб қолмаслиги учун ҳар йили, ҳар мавсум тўлдириш формасини, талабларини ўзгартиришимиз керак. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, шуни ҳам уддасидан чиқа оладиган топилади. Улар учун дастурда белгиланмаган махсус топшириқларни илова қилиб ўтаман. Ҳа, айтганча ишларни жуда тезлик ва бугун бажариш талабини шарт қилиб қўяман.

4. Таълим жараёнида ҳаддан ташқари эркинликларни жорий этиш керак

Умумий ғоя: Инсон янгиликни ўрганишда ички қаршиликни енгиб ўтиши лозим. Талаба белгиланган ўқув юкламасини бажара олмаса ўқитувчи уни жазолашга ҳақлидир. Афсуски, бу тизимга ижобий таъсир этиши мумкин. Мен бу ҳаракатларнинг аксини таклиф этаман. Ўқитувчи қулоқсиз, бетарбия ва дангаса талабаларига нисбатан муносабат билдиришда, жазо белгилашда чегарадан чиқиб кетмасин.

Ҳаракатлар режаси: Расман ёки ноформал кўринишда талабаларнинг дарсларга қатнашини назоратга олмасдан, катта эркинлик бериш керак. Айниқса имтиҳондан йиқилган талабаларнинг қайта имтиҳон синовини топшириш имкониятини чегараламаслик, талабалар сафидан чиқармаслик лозим. Умуман олганда «домла»нинг академик жазо қўллаш ҳуқуқини олиб қўйиб, бундай юрисдикцияни бошқа шахсларга ўтказиш лозим.

5. Интеллектуал муҳитни йўққа чиқариш даркор

Умумий ғоя: ОТМда илмий муҳитни яратиш, ундаги маъруза ва семинар машғулотлардан кўра муҳим вазифа ҳисобланади. Шунинг учун дунёнинг етакчи таълим муассасалари Нобель лауреатлари, ёзувчи ва сиёсатчиларни, компания асосчиларини ўз масканига ташриф этишга ундайди. Шунчаки таниқли математик олимнинг университет боғидаги ўриндиқда ўтириши учун ҳам пул тўлашга тайёр ОТМлар мавжуд. Илмий муҳитни шакллантириш ва яратиш муҳимлигидан педагоглар турли конференция, учрашувларга ошиқади.

Мен таклиф этаётган ғоя қуйидагича: илмий муҳитни арзимас ўзгариш билан барбод этамиз.

Ҳаракатлар режаси: Бундай мураккаб вазифани адо этиш учун кичик босқичлар тизмасини бирлаштириб чиқамиз. Аввало, ОТМда ўқиш истагини билдирган барча учун муассаса эшикларини ланг очиб қўямиз! Кириш имтиҳонларида юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай «тадбиркорлик» дастуримиз фойдасига ишлайди.

Боз устига, ОТМ мустақил ўз талабаларини танлай олмасин. Акс ҳолда “ошқовоқ”ларсиз бу жой гуллаб кетадику. Шунингдек, дарсликлар ва уларни ўқитиш учун беҳуда вақтни мажбурий равишда жорий этамиз. Саёз фикрловчи, танбал ва дангаса талабалар (уларни жазолаш ҳам мумкин эмас) соф рақобатни йўқотиб, турғунликка қадам қўяди. Таълимга катта таъсир ўтказа олмайдиган тадбирлар, яъни ҚВЗ, гўзаллик танловлари, ошпазлик беллашувлари ривожланиб боради, оқибатда таълим ва ижтимоий фаоллик икки хил ёндашувга эга, турли жабҳаларга айланади.

6. Таълим жараёнини бошқарувчи раҳбар кадрлар устида бош қотириш лозим

Умумий ғоя: ОТМдаги ривожланиш ортга тортиб туриш учун ундаги раҳбарларнинг ҳам ҳиссасини ҳисобга олайлик, ахир. Шундай экан маърифатдан йироқ, бошқа соҳа вакилларини жалб қиламиз.

Ҳаракатлар режаси: Кимларни раҳбар этиб тайинлаш керак? Биринчидан, ўз мансаби ва обрўсидан ўзгалар олдида фойдаланмайдиган, камсуқум кишиларни топиш керак. Иккинчидан, «пухта хўжалик фаоли» керак, тизимни бус-бутун тасаввур эта оладиган эмас. Учинчидан, иқтидор ва ютуқлари кам бўлганларни олиб келамиз, шу билангина кутилмаган ташаббусларга чек қўйилади. Энг муҳими гиперфаол, агрессив, манфаатпараст ва ишларни мувофиқлаштириб турувчи инсон керак.

7. Ниқоблаш!

Умумий ғоя: Таълим тизимини яксон қилиш борасидаги Дастурим танқидга учрамаслиги учун уни ниқоблаш керак. Ёлғон гапирганда ҳам каттароқ бўлиши мумкин. Ижтимоий психологиянинг тасдиқлашича, ёлғон қанчалик катта ва кўп такрорланса, унга ишонч пайдо бўлади.

Ҳаракатлар режаси: Биринчидан, ОАВда тўхтовсиз модернизация, инновация, болонизация ва шу каби ривожланиш терминлари ҳақида лавҳаларни кўрсатиб бориш керак. Бу лавҳаларни кучлантириш учун алоҳида кишиларнинг муваффақияти, олимпиада, танловларда ғолиб бўлгани ҳақида баландроқ гапириш сўралади. Шу билан бутун бир тизимнинг муваффақияти баҳоланиб келиниши мумкин.

Иккинчидан, жамоатчилик диққатини иккиламчи омилларга тортиш керак. Масалан, баҳолаш тизимида бешликдан ўнликка ўтайликми? Ўқиш давомийлигини тўрт эмас, беш қилайлик ёки етти эмас, олти йил бўлсин, деган гаплар шулар жумласидан. Ранг-барангликни таъминлаш учун бир соҳада бакалавриат жорий этиб, кейин уни яна бекор қилиш керак.

Дастур фаолиятига доир қўшимчалар:

Мазкур дастур 5-10 йиллик режа асосида фаолият олиб боради. Белгиланган муддат тугагач, (талабалар ўқишни тамомлаб, ўз фаолиятини бошлаши биланоқ) тизим органик жиҳатдан мустақил яшаб кета олади.

P.S.: Мен тузиб чиққан Дастур ёқмаса, агар таълим тизимини ривожлантириш истаги бўлса, уни тескариси қилинг!

Сандаков Д.Б.