2017 йилнинг 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари бугунги эстрада хонандалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Қайд этилишича, энг оммавий санъат бўлган эстрада санъатини ривожлантириш Маданият вазирлиги эътиборидан четда қолмоқда. Бу соҳада ижод қилаётган аксарият ижрочилар фаолиятида талабчанлик ва масъулият, ижтимоий жараёнларга дахлдорлик туйғуси тобора пасайиб бораётгани айтилди. 

“Мен ўз тажрибамдан яхши биламан, катта байрамларимизни – бу Мустақиллик, Наврўз ёки Конституция байрами бўладими – уларни ўтказишда бизни энг қийнайдиган, хунобимизни чиқарадиган нарса – бу эстрада дастури эканини ҳаммангиз яхши биласиз. Минг афсуски, мана шу ҳолат ҳали ҳам барҳам топгани йўқ. Эстрада санъатидаги камчиликларнинг асосий сабаблари ҳеч кимга сир эмас. Кўпчилик қўшиқчилар масъулиятни унутиб, ўз устида ишламай қўйган, изланиш, маҳоратини ошириш, янги ижодий ғоялар билан яшаш, санъат дунёсига, мухлисларга ҳурмат каби тушунчалар уларга бегона бўлиб қолган, десак, қанчалик аччиқ бўлмасин, бу ҳам ҳақиқат. Шундай санъаткорлар ҳам борки, унвон олгунича тинимсиз елиб-югуради, ҳол-жонингизга қўймайди. Унвон олдими, тамом, сувга тушган тошдек жим бўлиб кетади. Улардан унвонга яраша, халқнинг эътиборига яраша ижод қани, деб сўраш ўринлими ёки йўқми? Ижодкорнинг талаби билан бирга бурчи ҳам бўлиши керак эмасми?”, - деди Президент.

Таъкидланишича, шу муносабат билан мусиқа санъати соҳасида фахрий унвонлар, авваламбор, “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” каби мукофотлар билан тақдирлаш масаласини, бу борада қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатларни танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш вақти келган.

“Унвон беришда санъаткорнинг фақат тўртта қўшиғи эмас, унинг ижтимоий фаоллиги, муносиб шогирдлар тарбиялагани, эл-юрт ўртасидаги обрў-эътибори, энг муҳими, санъатга садоқати устувор мезон сифатида белгиланиши шарт. Бошқача айтганда, биз бу юксак унвонларнинг нуфузи ва обрўсини сақлашимиз лозим. Бизнинг халқимиз – санъатсевар халқ, ўзи севган, ёқтирган ижрочиларни нафақат телевизор ёки саҳнада, балки ўзининг яхши кунларида, тўй-ҳашамларида ҳам кўргиси келади. Буни ҳаммамиз тўғри тушунамиз. Минг афсуски, бугунги эстрада хонандаларининг аксарияти ҳали Янгийўлга, ҳали Шовотга, ҳали Янгиқўрғонга, ҳали Чироқчига тўйга қатнаш билан овора. Бошқа бирон масала билан иши йўқ. Албатта, санъаткорда ҳам оила, бола-чақа бор, уларнинг ҳам ҳаётий эҳтиёжлари бор. Буниям тўғри тушунамиз. Лекин ижодни пулга, мол-дунёга алмаштирган одамдан санъат шафқатсиз ўч олади. Охир-оқибатда ҳар қандай ёрқин истеъдод ҳам сўниб, эл-юрт назаридан қолади”, - деган Шавкат Мирзиёев.