Сильвестр Сталлоне ижросидаги боксчи Рокки Бальбоа "Крид: Рокки мероси" (Creed, 2015) фильмининг давомида яна Иван Драго билан учрашади. “Рокки 4” (Rocky 4,1985) фильмида собиқ иттифоқлик боксчининг ролини асли келиб чиқиш швециялик бўлган америкалик актёр Дольф Лундгрен ўйнаган. Бу ҳақда Сталлоненинг ўзи TMZ интернет саҳифасига хабар берди.

"Мен Драгони яна бир карра жазолашим керак", - деди Слай. Унинг тасдиқлашича, Иван Драго 2018 йилда экранларга чиқиши кутилаётган "Крид 2"да пайдо бўлади. "Рокки 4"да собиқ иттифоқлик боксчи рингда америкалик рақиби Аполло Кридни ўлдиради. Сюжетга кўра, унинг ўғли Адонис Кридни Бальбоа шуғуллантиради ҳамда ёш боксчи янги картинада Драгони жангга чақириши мумкин.

1946 йилда Нью-Йоркда сицилиялик муҳожир оиласида туғилган Сталлоне ўз ижодий фаолияти давомида 50 дан ортиқ фильмларда суратга тушган. У "Рокки" (Rocky) ва "Рэмбо" (Rambo) киноэпопеялардаги роллари билан машҳур.