Аввалги хабарларимизда Японияда таҳсил олаётган иқтидорли ҳамюртимиз Фахриддин Эргашев ҳақида махсус репортажни тақдим этган эдик. Куни кеча Фахриддин яна бир катта эътирофга сазовор бўлди.  

Японияда Фан, таълим, маданият вазирлиги ва Токио шаҳар ҳокимияти ҳамкорлигида 「国際理解」"Кокусаирикаи" деб номланган жамият мавжуд. Жамиятнинг асосий мақсади Японияда таҳсил олаётган чет эллик талабаларни Токиода жойлашган бошланғич, ўрта мактабларга ва япон коллежларига юбориб, у ерда ўз давлатлари ҳақида маълумот беришини қўллаб-қувватлашдан иборат. 

Мазкур жамиятнинг аъзоси бўлишни истаган ҳар бир хорижлик талаба Японияда камида икки йил давомида ўқиган бўлиши ва махсус имтиҳондан муваффақиятли ўтиши лозим. Барча синовлардан омадли ўтган талабалар махсус дарс соатларида тақдимотлар ташкил этишади. 

Фахриддин ҳам 2016 йилда имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, "Кокусаирикаи"нинг аъзосига айланди. Бир йил давомида Токионинг турли ҳудудларида жойлашган бошланғич ва ўрта мактабларда Ўзбекистон ҳақида дарслар ўтиб келди. 

Энг қувонарлиси эса, ҳамюртимиз 2016 йил якунига бағишланган тадбирда йиллик рейтинг бўйича биринчи ўринни эгаллади ҳамда "Кокусаирикаи" жамиятида "Йилнинг энг яхши ўқитувчиси", дея топилди. 

Айни дамда мазкур жамиятда дунёнинг 50га яқин мамлакатидан 200 нафарга яқин чет эллик талаба фаолият олиб боради. Улар орасида айнан ўзбекистонлик талабанинг ғолиб бўлиши барчамизнинг қалбимизда ғурур ва фахр туйғусини уйғотади. 

"Жаннатмакон юртимиз Ўзбекистон жуда бой тарихга, маданиятга эга. Доим японларга она юртим ҳақида фахрланиб гапириб бераман. Ҳар бир дарсдан сўнг, ўқувчиларим машғулот ҳақидаги таассуротларни хатга ёзиб юборишади. Хатларда Ўзбекистон ҳақидаги маълумотлар жуда қизиқ бўлганлиги, катта таассуротлар олишганлиги ва албатта, келажакда Ўзбекистонга ташриф буюришни исташлари ҳақида ёзишади. Бундан мен Ўзбекистон фуқароси сифатида оз бўлса ҳам мақсадимга эришганимдан бошим осмонга етади. Шу кунга қадар дунёнинг 10 ортиқ давлатида бўлдим. Ўзбекистонимиздек фаровон, тинч, одамлари меҳрибон ва инсонпарвар диёрлар жуда кам, деб ўйлайман", дейди Фахриддин.

Ҳозирги кунда Фахриддин давлат гранти асосида Японияда таҳсил олмоқда. У Токио чет тиллари университетининг магистратура босқичи, халқаро муносабатлар йўналиши 2-курс магистранти.

 Феруза Авазова