Андижон вилояти ИИБ автуловдан пул ва бошқа қимматбаҳо буюмларни олиб қочган ўғрини ушлашга муваффақ бўлди. Вилоят ИИБ матбуот хизматининг Кун.uz’га маълум қилишича, жорий йил 1 август куни номаълум шахс Андижон туман Ойжамол маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида Андижон шаҳарида яшовчи Ш.М.га тегишли бўлган «Spark» автомашинасининг олд эшигини темир жисм билан очган. Сўнгра, автомашина салонида бўлган 3 дона уяли телефон аппарати, 100 АҚШ доллари ва 1 млн 900 минг сўм пулларни ўғирлаб кетган. 

Туман ИИБ Тергов бўлими томонидан кўрилган чоралар натижасида номаълум шахс аниқланиб ушланди. У шу МФЙ Навбаҳор кўчасида яшовчи Э.Б.бўлиб чиқди. Ашёвий далил сифатида 100 АҚШ доллари, 1 дона телефон аппарати ва 450 минг сўм пул олинди. 

2017 йил 4 августида ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасини 2-кисми билан жиноий иш қўзғатилди. 

Ҳозирда ушбу фуқаронинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.