Бухорода қабиҳ “савдо”га чек қўйилди

Жамият 05 Август 2017 10831

Баҳрулло Исматов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам судланган бўлса-да, қалб кўзи сўқирлигича қолганлар тоифасига киради. Йўқса, таркибида гиёҳванд модда мавжуд бўлган “заҳри қотил” савдоси билан шуғулланмас эди. Жиноий шериги Шуҳрат Ғайратов билан олдиндан тил бириктириб, бу “жирканч савдо”да воситачилик қилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Шофиркон тумани марказида жойлашган “Истироҳат боғи” олдида бир аёл келиб, ўзини Ойсанам, деб таништирди-да, “Мен ҳалиги...“дори”га келувдим”, - деди секингина.

-  Суриштириб кўраман, - жавоб берди Баҳрулло.

-  Ҳозир пулини ҳам келтириб бераман, - аёл шундай дея 600 минг сўмни Баҳруллонинг қўлига тутқазди...

У Ойсанам Абдуллаевага керак бўлган “ажал уруғ”ини зумда етказиб берди. “Гашиш”ни 500 сўмлик пул купюрасига ўраб, яшаб турган уйига келтириб яширди. Бу қабиҳ савдога ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари чек қўйишди. 

Баҳрулло Исматов жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман судининг ҳукми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Олий маълумотли шифокор Ромитан туманидаги кўп тармоқли поликлиниканинг психиатр врачи Шермат Ботиров эса таркибида психотроп модда мавжуд бўлган ҳисобда турадиган 50 дона “Циклодол” дорисини фуқаро Нигина Жалоловага 10 минг сўмга пуллаб юборди.

Ш.Ботиров таркибида психотроп модда бўлган бундай дорилар беморнинг ўзига эмас, балки унга ҳамроҳлик қилиб келган кишига берилиши кераклигини жуда яхши биларди. Шундай бўлса-да, ўзини бемор Гўзал Муродованинг синглиси, деб таништирган Нигина Жалоловани суриштириб ҳам ўтирмади.

Жиноятга жазо муқаррар. Суд ҳукми билан Ш.Ботиров 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Кўпроқ янгиликлар