Намангандаги корхона 600 га яқин иш ўрни яратишга мўлжалланган лойиҳани ишга туширди

Жамият 05 Август 2017 6040

Ўзбекистон тикувчилик ва тўқимачилик саноатида маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш борасида катта тажрибага эга. Шу сабаб мазкур соҳада фаолият юритувчи тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар, шарт-шароитлар ва қулайликлар соҳа ривожига янада улкан ҳисса қўшмоқда. Буни Наманган вилоятида фаолият юритувчи “Ифтихор санам кийим саноат” МЧЖ мисолида ҳам кўриш мумкин.

Наманган шаҳар 1-кичик тумани Спортчилар кўчасида жойлашган “Ифтихор кийим саноат” масъулияти чекланган жамияти бугун маҳаллий ва хорижий бозорда ўз нуфузи ва ўрнига эга.  

Айни кунда корхона янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Хусусан, жинси матолари ва тайёр маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича амалий ҳаракатлар бошланган. Лойиҳанинг 2018 йил 4-чорагида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда. Унинг умумий қиймати 10,0 млн.долларни ташкил этиб, шундан 5,1 млн.доллар корхонанинг маблағи, 19,6 млн.доллар банк кредитидан иборат.

- Корхонанинг ташкил этилиши режалаштирилган янги лойиҳаси бўйича кўплаб ишчи ўрни яратилиши кўзда тутилган, - дейди “Ифтихор кийим саноат” МЧЖнинг Европа минтақаси бўйича мутахассиси Музаффар Жўраев. – 10 гектарли майдонда қад ростлайдиган биноларда костюм-шим ишлаб чиқариш ва пахтадан ип йигириш ишларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Булардан мақсад, аввало, иш ўринларини кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишдир.

Аниқ маълумотларга кўра, ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида 580 та доимий иш ўрни яратилади. Шундан камида 45 фоиз иш ўринига коллежни тамомлаган ёшлар жалб қилиниши режалаштирилган. 

“Ифтихор кийим саноат” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз, аввало, Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалдаги исботига гувоҳ бўлдик. Қолаверса, мазкур корхона келажакда янада ривож топиб, аҳоли бандлигини таъминлаши ва мамлакат иқтисодиётига ўз ҳиссасини қўшишига ишончимиз ортди.

Кўпроқ янгиликлар