Россия бош вазири ўринбосари Дмитрий Рогозин Теҳронда Эрон мудофаа вазири билан рус қурол-яроғларини етказиб бериш масаласини муҳокама қилади, деб хабар бермоқда РИА «Новости» россиялик амалдор девонидаги манбага асосан.

Унинг сўзларига кўра, Россия ва Эрон АҚШ ҳар икки давлатга нисбатан янги санкциялар киритганидан сўнг ҳарбий-техник ва технологик ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олишган.

Рогозин Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг инаугурация маросимида Россия делегациясига раҳбарлик қилмоқда.

Манбанинг таъкидлашича, Рогозин бошчилигидаги рус делегацияси «янги шартномаларни имзолаш имкониятини ишлаб чиқади».

Шунингдек, манба Рогозиннинг Молдова президенти Игорь Додон билан учрашиш режаси борлигини тасдиқлади.

Бундан аввал россиялик амалдор Додон билан учраша олмади, сабаби Россия бош вазири ўринбосари ўтирган самолётни Руминия ҳаво кенгликларига киритишмади.