Дунё бўйича ташвиш келтирган WannaCry вирусини тўхтатган британиялик дастурчи Маркус Хатчинс зарарли дастурий таъминот ишлаб чиқишда иштирок этганини тан олди. Бу ҳақда The Telegraph газетаси прокурорга таянган ҳолда ёзмоқда

3 август куни The Verge нашри ёзишича, Хатчинс банкларнинг онлайн амалиётлари ва кредит карточкаларидаги маълумотларни ўғирлайдиган Kronos номли дастурни ишлаб чиққанликда ва ундан фойдаланганликда гумон қилинган. 

Америка ҳукуматининг таъкидлашича, Хатчинс ушбу ДТни реклама қилган ва фойда олиш мақсадида сотган. Kronos илк бора 2014 йил июль ойида мутахассислар томонидан аниқланган.

"У (Хатчинс) Kronos кодининг муаллифи бўлганига иқрор бўлди ва уни сотганини айтди", - дея прокурор Дэн Коуиг сўзларини келтиради газета.

Судья 30 минг доллар гаров пули белгилаган. У интернетдан фойдалана олмайди, унинг жойлашуви GPS воситасида кузатувда бўлади. 

Интернетда MalwareTech номи билан танилган Хатчинс 13 май куни WannaCry таъмагир вирусини тўхтатганини эълон қилган эди. 

Ушбу вирус компьютерлар тизимларини блоклаб, киришни тиклаш учун маълум миқдорда пул таъма қилган.