Парижга кетиб қолган Неймар ўрнини тўлдириш устида ишлаётган «Барселона» вакиллари Дортмунднинг «Боруссия» жамоаси билан франциялик ёш ҳужумчи Усмон Дембеле трансфери бўйича алоқага чиққан.

Футболчи билан шахсий шартнома борасида келишувга эришгани айтилган каталонлар клуби «Боруссия» билан трансфер нархи бўйича бир тўхтамга келиши керак бўлади.

L`equipe хабарига кўра, «Боруссия» бу футболчисини 100 млн евродан камига сотмоқчи эмас, бу вақтда «Барселона» 80 млн евро таклиф этмоқда. 

Қайд этиш керакки, «Барселона» ушбу футболчига «Реал» ҳам қизиқа бошлагани туфайли жараённи тезлаштирди. Килиан Мбаппени трансфер қилишда қийинчиликка учрагач, Мадрид клуби ҳам Дембелега эътибор қаратмоқда. Мбаппенинг нархи айни вақтда 200 миллион еврога кўтарилиб кетди, Дембеле эса икки баробар арзонга тушади.

Дембелени қўлга киритишда «Реал» ўз собиқ футболчиси ва спорт директори Предраг Миятовичдан фойдаланмоқчи, Миятович футболчининг яқинлари билан алоқаларга эга.

Дембеле «Боруссия»га 2016 йили «Ренн»дан келиб қўшилганди. Дортмундликлар сафида у ўтган мавсумда барча турнирлар доирасида 49 учрашувда майдонга тушиб, 10 гол урган ва 21 голли узатма муаллифи бўлган.

5 август куни 20 ёшли бу футболчи Германия Суперкубоги учун «Бавария»га қарши ўйинда майдонга чиқди. У ўйиндаги голлардан бирига ҳаммуаллиф бўлди.