Юрган – дарё, дейдилар. Сафарга чиққанингизда турфа воқеаларга, турли феъл-атвордаги кишиларга дуч келасиз, бирини кўриб фикр қилсангиз, бирини кўриб шукр қиласиз.

Одатда Андижонга оилавий бориб келардик. Бу сафар бир ўзим йўлга чиқдим. Киракашлик қиладиган одатим йўқ. Лекин, йўл узоқ, чақчақлашиб кетар, деган мақсадда Қўйлиқдан битта йўловчини ўзимга ҳамроҳ қилиб олдим. Ёши ўттиз-ўттиз беш атрофидаги бу йигит самимий ва киришимли чиқиб қолди. Тезда худди эски қадрдонлардек, гап гапга уланди. Йигит ҳам олий маълумотли экан, шу боис, турли мавзуларни ўртага ташлар ва ўша мавзу бўйича мендан бафуржа жавоб олишга ҳаракат қиларди.

Суҳбатимиз бориб-бориб олий таълимдаги ўзгаришларга, жорий қилинган суперконтракт ва унинг афзалликлари масаласига, “бункер”, таниш-билишчилик сингари иллатларга бориб тақалди. Бу борадаги фикрлашимиз бир жойдан чиқди: олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишдаги янгиликлар айнан шу иллатларга барҳам беришга қаратилган. Ҳамроҳим ойнадан тоғларни кузатаркан, бир дам жим қолди. Афтидан нималарнидир ўйларди. Жимликни унинг ўзи бузди. “Ака, бошимдан ўтган бир воқеани айтиб берсам, газетангизда чоп этармидингиз. Бу бошқаларга бир сабоқ бўлармиди, дейманда...”

– Университет бакалавриатурасини ҳам, магистратурасини ҳам давлат гранти бўйича тамомладим, – ҳикоясини бошлади у. – Дипломни олишим биланоқ коллежга ишга кириб, ўзим севган касб билан шуғулланишга бор кучим билан киришиб кетдим. Бу қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар ҳавасини келтирди тўғриси. Уйимизга абитуриентлар, уларнинг ота-онаси тез-тез келишиб, мендан олийгоҳга тайёрланиш, ҳужжат топшириш, тест топшириш жараёнлари ҳақида маслаҳат олишарди. Қўлимдан келганча уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатардим. Уч йил мазза қилиб ишладим, жамоа, ўқувчилар орасида ўзимга яраша ҳурматга эга бўлдим.

Шундай кунларнинг бирида қўшни қишлоққа тушган опам гап топиб келди. “Қайнонам жўнатди, синглисининг қизи бу йил ўқишга кирмоқчи экан, ёрдам берар экансан”. Хўп, дедим, келсин, тестга қандай самарали тайёрланишни ўргатаман. “Ўргатишинг шартмас”, чўрт кесди опам, “таниш-билиш топиб киритиб қўясан, бўлмаса, қайнонам мени тинч қўймайди”. Ҳазиллашяпсизми опа, қанақа таниш-билиш, унақа нарсаларни билмайман... “. Билмасанг қидир, топ! Барибир қайнонам ўз кучинг билан битирганингга ишонмайди, танишлари бор, деяпти”...

Бу гап-сўзга эътибор бермай, ҳатто унутиб юборгандим ҳам. Бир куни кўчада ўзим билан ўқиган курсдошимни учратиб қолдим. Ҳол-ахвол сўрашгач, коллежда дарс бераётганимни билиб, ачингандай бўлди. Ўзининг ошиғи олчи эканидан мақтана кетди: “Дипломни олгач ҳам университетдаги ўқитувчилар билан алоқани сақлаб қолдим, ҳозир абитуриентларни ўқишга киритиш билан машғулман. Фойдаси зўр. Таниш-билиш бўлса айтинг бемалол, сизга ўхшаган яқинларга арзонлаштирамиз”. У хайрлашар эканмиз, телефонини бериб, албатта, одам топишимни тайинлади. Нима бало, булар маслаҳатлашиб олишганми, ўйладим ўзимча, биттаси ўқишга киритиб қўй деса, биттаси, ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади.

Бир куни опам яна келди. Қовоғи солиқ, йиғлаган. Сабабини сўрасам, яна ўша эски гап. Опамнинг аҳволини кўриб, курсдошим эсимга тушди. Қани, айтиб кўрайчи, мендан нима кетарди... Ўша йили опам айтган қиз ўзи хоҳлаган факультет талабаси бўлди. Ўрталаридаги олди-бердига аралашмадим. Аммо ҳаммаси шундан кейин бошланди. Университетда танишларим борлиги ҳақидаги хабар қариндош-уруғларга тез тарқаб кетди. Келаси йили уйимизга келувчи қариндошларнинг қариндошлари каби танишу нотанишлар кўпайиб кетди. Йўқ, дейишга қўйишмайди. Курсдошимга рўпара қиламан ҳаммасини. Ҳамма хурсанд, ҳамма рози.

Бир куни курсдошим телефон қилиб, учрашишимиз кераклигини айтиб қолди. Кўришдик. У қўлимга анчагина пул тутқазди. “Булар сизнинг улушингиз, ахир сизнинг кўмагингиз билан фойда кўряпти икки томон ҳам...”. Ўшанда кафтимни қиздирган долларлар кейинчалик юрагимни куйдиришини билмаган эканман. Аммо, ўша йили режа иш бермади. Пул берганларнинг бирортаси талаба бўлолмади.

Аввалига курсдошимнинг, бу йил бўлмаса, келаси йил, албатта, бўлади, деган гапларига ишониб юрган “қариндошларим” бора-бора тўнларини тескари кийиб олишди. Энди уйимга дўқ уриб кела бошлашди. “Пулларимизни қайтариб бер товламачи, бўлмаса устингдан ёзиб қаматворамиз...”.

Бошимни чангаллаб қолдим, ахир, уларнинг ҳеч бирини мажбурлаганим йўқ эдику, ўзлари ҳоли-жонимга қўйишмаганди. Курсдошимга учрашга мажбур бўлдим. У ҳам ҳамма пулни керакли одамга бериб қўйганини, қайтиб ололмаётганини айтиб, сувдан қуруқ чиқа бошлади. Мен ҳам бўш келмадим, қистовга олдим. Тортишув бир йилга чўзилди. Зўрға пулларнинг ярмини берди, бўлди, бошқа беролмайман, қўлларидан келса, отиб ташлашсин... Курсдошимга кучи етмаган одамлар эса мени маҳкам ушлаб олишди...

Мана, икки йилдан бери қарз узаман. Бу оилам бюджетига жуда катта йўқотиш бўляпти. Орада доллар курси ҳам осмонга чиқиб кетди. Ҳақдорларнинг бу билан ишлари йўқ. Бошқа жойдан ҳам иш топдим. Иккита пластигимни икки кишига бериб қўйганман. Начора, кўнглим бўшлиги бошимга бало бўлди. Ҳозир қарзларимнинг тўқсон фоизини узиб бўлдим, яна озгина сабр қилсам, ҳаммасини қайтараман. Ва ўша “қариндошлар”ни ҳам ҳаётимдан буткул ўчираман...

Коррупциянинг катта-кичиги бўлмайди, ҳар қандай кўриниши жамиятга катта зарар етказади. Аммо, кўп ҳолларда, коррупциянинг авж олишига одамларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлиб қолишади. Ишим битса бўлди, қабилида фикрлаш, ўз манфаати йўлида қонунга зид ишларга қўл уришдан тап тортмасликлари билан кимнидир ҳато қилишга ундашади, коррупция ботқоғига тортишади. Энг ёмони, дўппи тор келиб қолганда, бундайлар сувдан қуруқ чиқишга, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатишга уринишади. Қонунчилигимизда пора олган ҳам, уни берган ёки шунга ундаган шахс ҳам бирдек жавобгар бўлишини ҳисобга олсак, юқоридаги воқеада аслида ким кўпроқ айбдор эканлиги аниқланади. Аммо бу каби воқеалардан ҳамюртларимиз ўзларига керакли хулоса чиқариб олишмаяпти ҳамон...

Усмонжон ЙЎЛДОШЕВ