Болт. Охирги югуриш. Аламли мағлубият

Спорт 06 Август 2017 35014

Усейн Болт спортдан кетмоқда. Спорт дунёси унинг охирги югуришларини кузатмоқда. Улар тақдирнинг яна бир ўйинини кузатишди. Афсонавий Болт юз метр масофага охирги югуришида биринчи бўла олмади.

Буюк Британия пойтахтида ўтаётган жаҳон чемпионатидаги баҳслар давомида юз метрга югуришда америкалик Жастин Гэтлин Болтни ортда қолдирди. Болт иккинчи ҳам бўла олмади, маррага иккинчи бўлиб бошқа бир америкалик Кристиан Коулман етиб келди.

Чақмоқ-инсонни мағлуб этишди! 14 йил ичида илк марта! У энг устун бўлган юз метрлик масофада!

Ҳа, у ҳамиша чақмоқ-инсон бўлмаган: 2003 йилда ҳам у Жастин Гэтлинга ютқазганди. Кейинги йиллар – ўн йилдан ортиқ вақт давомида фақат Болт чемпион бўлганди.

5 август кунги чопишда Гэтлин 9,92 сония билан биринчи бўлди, Усэйн Болт 9,95 сониялик кўрсаткич билан учинчи ўринда қолди. Икки спортчи учун ҳам бу мавсумдаги энг яхши кўрсаткичлар бўлди.

Гэтлин ва Болтнинг рақобати кейинги йилларда жаҳон енгил атлетикасида асосий баҳс мавзусига айланди. Бу орада америкалик спортчи допинг қабул қилгани учун дисквалификация муддати ўтади.

30 ёшли Болт жаҳон чемпионатидан кейин енгил атлетикадаги фаолиятини якунлашини маълум қилган. Саккиз карра олимпия чемпиони ва 11 карра жаҳон чемпиони Лондонда яна бир марта чопади - 4х100 метр масофада эстафетада.

Кўпроқ янгиликлар