Хитойлик инвестор «МЮ» акцияларини сотиб олмоқчи

Спорт 06 Август 2017 7378

Хитойлик миллиардер «Манчестер Юнайтед» ҳиссадорларидан бирига айланмоқчи.

The Times нашрида хабар қилинишича, исми ошкор этилмаётган инвестор клубнинг мустақил акциядорлари билан «МЮ»дан улушга эга бўлиш имкониятлари борасида гаплашган.

«МЮ» акцияларининг 80 фоизидан ортиқроқ қисмига эгалик қилувчи Глейзерлар оиласи акцияларининг бир қисмини сотишга рози.

2015/16 йилги мавсумда «Манчестер Юнайтед» дунёнинг энг сердаромад футбол клуби бўлганди. Клуб «Реал»ни ортда қолдирган. Мадридликлар кейинги 11 мавсумда бу борада етакчилик қилишганди. Халқаро аудиторлик компанияси Deloitte маълумотига кўра, инглизлар клуби ўтган мавсумда 689 млн доллар ишлаб топган. Шу билан бирга «Манчестер Юнайтед» Англиянинг энг совриндор клуби деб тан олинган. Клуб — 20 карра мамлакат чемпиони, 12 карра Англия Кубоги соҳиби, 5 марта Лига Кубогида зафар қучган, Чемпионлар лигасида 3 марта ғолиб чиққан.

Англиядаги клублар кейинги йилларда футболчиларнинг нархи кескин ўсишига сабаб бўлмоқда. Инглиз жамоалари ўтган йил ёзидаги трансферлар вақтида янги футболчилар учун жами 1 млрд фунтдан ортиқ маблағ сарфлаган.

Кўпроқ янгиликлар