Исроил алоқа вазири Аюб Кара мамлакатда Қатарнинг Al Jazeera телеканали журналистларининг ишлашига рухсатнинг бекор қилиниши ва унинг Ал-Қудсдаги идоралари ёпилиши бўйича сўров йўллаганини маълум қилди. Бу ҳақда телеканал сайтида хабар қилинган.

Таъкидланишича, Кара бундай баёнотни 6 августдаги матбуот-анжуманда билдирган. Бу тадбирга телеканал журналистлари қўйилмаган.

"Биз бундай қарорни телеканал идораларини ёпган ва унинг журналистларига ўз ҳудудларида ишлашни тақиқлаган сунний араб давлатлари хатти-ҳаракатлари асосида қабул қилдик", деб айтган Кара.

Унинг айтишича, телеканалдан зўравонликка ундашда фойдаланилади.

Телеканал журналистларидан бирининг айтишича, рухсатларнинг бекор қилиниши Al Jazeera’нинг ҳам араб, ҳам инглиз версияларига тааллуқлидир.

Аввалроқ Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Al Jazeera’нинг Исроилда эфирга узатилишини тўхтатмоқчилиги ва унинг идораларини ёпмоқчилигини айтган.