Парижда 5 августда маҳаллий вақт билан соат 23:30 да бир эркак Эйфел минораси ёпилишига бир соатча вақт қолганда унинг остонасида жойлашган полиция назоратидан ўтиб кетмоқчи бўлган.

Аниқланишича, эркакда совуқ қурол – пичоқ бўлган. У пичоқ билан минора қўриқчиларига ҳужум қилиб, ташриф буюрувчилар текшириладиган пунктдан ўтиб кетмоқчи бўлган. Ўз вақтида етиб келган ҳарбий патруль уни тезда қўлга олган.  Воқеа оқибатида минорадан сайёҳлар эвакуация қилинганлар.

Эркак теракт содир этмоқчи ва ҳарбийни ўлдирмоқчи бўлганини тан олган. У ИШИД аъзолари билан алоқада бўлганини қўшимча қилган. Унинг бу кўрсатмалари сабабли ушбу иш тергови Париж прокуратурасининг террорчиликка қарши кураш бўлимига топширилган. Кейинроқ эркак руҳий касалликдан азият чекиши ва яқинда даволаш курсидан ўтгани аниқланган.

Маълумотларга кўра, 6 августга ўтар кечаси минора Парижнинг "ПСЖ" клуби ранглари билан ёритилган. Парижликлар бразилиялик футболчи Неймарнинг клубга ўтишини шу тариқа нишонлашган.