Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянг клубда қолишини маълум қилди.

«Келажакда нима бўлишини ҳеч ким олдиндан айта олмайди. Мен таътилдан олдин «Боруссия» раҳбарияти билан музокара ўтказганим рост. Мен бошқа клубга ўтиш имкониятларимни билдирганим рост.

Мени ўз сафида кўришни истаган клублардан ҳеч бири билан келишувга эришиб бўлмади. Шундай экан, энди «Боруссия»да қоламан. Менга бу ер ёқади, мен Дортмундда ўзимни ўз уйимдагидек ҳис қиламан.

Ҳа, Хитойдан ҳам таклифлар бўлди. Катта пуллар таклиф қилинганда, ўйлаб кўришинг керак бўлади. Мен бу таклифни қабул қилганимда, ҳамма мени ортга қадам ташлашда айблаган бўларди. Шу туфайли мен уёққа кетмадим. 

Мен Хитойдан таклифлар олдим. Аммо у ердаги клублар Европадаги каби профессионал эмас. Барча таклифларни рад қилдим.

Мен худога ва тақдирга ишонаман. Мен тўғри танлов қилганимга ҳам ишонаман», – дея Обамеянгнинг сўзларини келтирган Football Italia.

Бундан аввалроқ немислар клуби ушбу ҳужумчисини 100 миллион евродан камига сотмаслигини маълум қилганди.

Ушбу 27 ёшли габонлик ҳужумчига Хитой клубларидан ташқари «Милан», «Челси», «Ливерпуль» ва «ПСЖ» клублари ҳам қизиққанди.