Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 2016 йил 15 июлда Туркияда давлат тўнтарувига уриниш ишида айбланаётганлар суд йиғилишларида кийишлари керак бўлган кийимни белгилаб берди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Эрдўғаннинг айтишича, судда айбланувчилар икки турдаги жигарранг кийимда: фитнада айбланаётганлар комбинезонларда, террорчиликда айбланаётганлар эса куртка ва шимда бўлишлари керак.

"Судда бошқа ҳеч ким истаган кийимини киймайди", деб айтган Эрдўған.

Таъкидланишича, Эрдўған тўнтарувнинг бир йиллигига бағишланган тадбирлар давомида айбланувчилар кийиши мумкин бўлган кийимни белгилаб олишни таклиф қилган. Бунгача бир неча кун аввал айбланувчилардан бири суд йиғилишида "Қаҳрамон" деган ёзувли футболкада бўлган.

Эрдўған июль ўртасида давлат тўнтарувига уриниш қурбонларига бағишланган ёдгорликни очди.