Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида янги фильм. Режиссёр Рустам Саъдиев

Маданият 06 Август 2017 19390

Кўплаб фильмлар муаллифи Рустам Саъдиев режиссёрлигида янги – “Меросхўр” деб номланган фильм суратга олинаётгани маълум қилинди. Маълумотларга кўра, ушбу картина хорижий давлат билан ҳамкорликда суратга олинмоқда. Бу ҳақда режиссёрнинг ўзи Кун.uz’га маълум қилмоқда.

- Биз мазкур фильмни Хитой давлати билан ижодий ҳамкорликда суратга туширяпмиз, - дейди картина режиссёри Рустам Саъдиев. – Шу ўринда айтиб ўтишим лозимки, ўзбек киноси тарихида бу янгилик. Чунки илгари Хитой давлати билан ҳамкорликда ўзбек фильмлари суратга олинмаган. Картина сценарийси муаллифи Мадина Мўминова”.

Фильм бир қиз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Воқеалар ривожи саргузаштларга бой бўлиб, суратга олиш ишлари Ўзбекистон ва Хитойда бўлиб ўтади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, фильм қаҳрамонлари ҳам руҳий, ҳам жисмоний кучли одамлар. Инсон психологияси, турмуш чорраҳаларида учровчи ҳодисалар ва тақдир ҳикмати мазкур фильмда уйғунлаштириб юборилган.

Мазкур картинада Ўзбекистон ва хорижда фаолият юритувчи кино актёрлари суратга тушиши режалаштирилган. Бу актёрларга мисол қилиб, Фарҳод Маҳмудов, Ширин Абдуллаева, Гулнур Абдуллаева, Раъно Шодиева, Шаҳло Темирова, Расулхон Қодирхонов, Саид Мухторов, Дилором Эгамбердиева, Хуршида Арабшоева, Бехзод Ҳамраев, Мўминжон Қўчкоров ва яна бошқаларни келтириш мумкин. Бундан ташқари, фильмда Россия ва озарбойжонлик таниқли актёр ва актрисалар роль ижро этишади.

Рустам Саъдиев биз билан суҳбатда “Барон 2” фильми ҳақида тўхталиб ўтди. Маълумотларга кўра, фильмнинг сценарийси тайёр. “Фильм сценарийсини кўриб чиқишни тегишли идораларга берганмиз. У тасдиқлангач, суратга олиш ишлари бошлаб юборилади”, деди режиссёр.

Кўпроқ янгиликлар