Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” веб-сайти хабар берди.

Фармон матнида қайд этилишича, республикада 23,8 мингта пудрат ташкилотлари, 31 та бош лойиҳа институти ва 1000 га яқин лойиҳа ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатда қурилиш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича 3 та архитектура ва қурилиш институти фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 12 та олий таълим муассасаси ҳамда 390 та касб-ҳунар коллежида қурилиш соҳаси учун мутахассис кадрлар тайёрланади.

2017 йилда республика бўйича барча манбалар ҳисобидан жами 37,5 трлн. сўм ҳажмда қурилиш ишлари бажарилиб, ўтган йилга нисбатан 120,5 фоизга ўсиш кузатилади. Натижада жорий йилда жами 15 мингта арзон намунавий уйлар, 191 та арзон кўп қаватли уйлар ва 2,5 мингта ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилади.

Фармонга кўра, республикада амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш, бугунги кунда соҳада қўлга киритилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш ва соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида, шунингдек соҳада меҳнат қилаётган кенг жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олиб 2017 йилдан бошлаб август ойининг иккинчи якшанба куни “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари, “Давархитектқурилиш” қўмитаси, мутасадди вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотларга “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни”ни соҳага мос тарзда ва тантанали равишда нишонлашни таъминлаш вазифаси топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддат ичида “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни”ни нишонлаш бўйича тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиши бўйича топшириқ берилди.

Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов зиммасига юкланди.