Неймар «ПСЖ»га трансфер қилинганидан кейин унинг биринчи жамоаси «Сантос» клуби раҳбарияти «Барселона» офисига расмий мактуб йўллаган. 

Marca хабарида айтилишича, мактубда «Сантос» каталонияликлар жамоасидан ўз тарбияланувчисининг трансферидан тушган маблағнинг 5 фоизини (тахминан 8,9 млн евро) талаб қилган. Бундан ташқари, бразилияликлар клублар ўртасида тузилган шартноманинг банди бузилгани учун 4,5 млн евро тўланишини сўрашган. Келишувга кўра, «Барселона» «Сантос» билан иккита ўртоқлик ўйини ўтказиши лозим эди. Улардан бири 2013 йилда ўтказилган бўлса, иккинчиси ҳали ташкил этилмаган. 

«Барселона» эса Неймар трансфер қилинмаганини, футболчи шахсий шартномада кўрсатилган бадал пули (222 млн. евро) учинчи томон орқали тўлангани ҳамда футболчи эркин агентга айланиб, сўнгра жамоани тарк этганини дастак қилмоқда. Неймар тўғридан-тўғри бошқа жамоага трансфер қилинганида «кўк-анорранглилар» «Сантос» 5 фоиз миқдорида пулни тўлаб бериши мумкин эди.

Шу билан биргаликда «Сантос» 4,5 млн евро миқдоридаги пулни ундириши мумкин. Бу масала билан ҳуқуқшунослар шуғулланишади.