Республика истеъмолчиларига электр энергияси ва табиий газни миллий валютада сотишдан тушадиган Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш манбаси сифатида белгиланган маблағларни ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (2017 йил 24 июль). Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 29.05.2017 йилдаги ПФ-5059-сон фармони билан жумладан истеъмолчиларга энергия ресурсларини сотишдан тушган маблағларнинг 10 фоизи ҳисобига шакллантириладиган Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш Жамғармаси ташкил этилган.

Электр энергияси ва табиий газни сотишдан тушадиган маблағларни тақсимлаш тартиби белгиланди.

Мазкур тартиб Президент қарорларига мувофиқ ажратиладиган, шу жумладан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги ташкилотлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси ҳақини тўлашдан келиб тушадиган мақсадли маблағларга татбиқ этилмайди.

Электр энергияси ва табиий газни сотишдан тушган маблағларни ҳисобварақларга ўтказиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш билан боғлиқ амалиётларни бажариш тақиқланади. Махсус ҳисобварақларга (22636) ва (22634) келиб тушадиган маблағларга нисбатан тақиқ қўйилмайди ва уларга қонунчиликда белгиланган пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби қўлланилмайди.

Мажбурий ижро бюроси юқорида кўрсатилган маблағларнинг ҳаракати бўйича:

•  тегишли ҳисобварақлари бўйича банк операцияларини тўлиқ кўриб туриш;
•  зарурат туғилганда «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖлардан уларнинг банк ҳисобварақларидан қилинган харажатлар тўғрисидаги маълумотларни ушбу харажатларнинг мақсадли йўналтирилганлигини тўлиқ кўрсатган ҳолда олиш орқали мониторингни амалга оширади.