Президентнинг 27.07.2017 йилдаги ПҚ-3149-сон қарори билан Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Norma.uz’нинг ёзишича, жорий йилнинг 1 сентябридан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни сотиш бўйича аукцион савдолари «E-IJRO AUKSION ягона электрон савдо майдони орқали фақат электрон онлайн-ким ошди савдолари шаклида ўтказилади. 

Онлайн-аукционда иштирок этишга ҳақли бўлмаган шахслар:

•  суд, прокуратура, ички ишлар органлари, давлат солиқ ва божхона хизматлари, шунингдек МХХ ходимлари;
•  сотиладиган мол-мулкни кўздан кечириш ёки баҳолашни амалга оширган ташкилотлар мутахассислари ва ходимлари, шунингдек “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК (оператор) ходимлари;
•  ер участкалари ва ер участкаларига бўлган мулкий ҳуқуқлар реализация қилинганда — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаган шахслар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
•  Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида жойлашган турар кўчмас мулк сотилаётганда — Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган шахслар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Мол-мулк электрон онлайн-аукционга қўйилишидан олдин қарздор ва ундирувчи ўтказилган баҳолаш ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилиниши ҳамда уларга баҳолаш натижалари юзасидан шикоят қилиш учун 10 кун берилади. Давлат даромадига ўтказиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича сотилаётган мол-мулк бундан мустасно.

Онлайн-аукционда иштирок этишга буюртмалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб операторнинг порталида автоматик тарзда қабул қилинади ва электрон онлайн-аукционни ўтказиш кунидан олдинги кун соат 9-00 да якунланади.

Буюртма ЭРИ билан имзоланади. Унга закалат пули тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатнинг электрон (сканер қилинган) нусхаси илова қилинади. Унинг миқдори мол-мулк баҳоланган қийматининг 5%ини ташкил этади ва операторнинг банк ҳисобварағига ўтказилади.

Онлайн-аукцион унда иштирок этишга қўйилган 2 ёки ундан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлган тақдирда иш куни давомида соат 9-00 дан 18-00 га қадар ўтказилади.

Бошланғич нарх — аукцион объектининг баҳоланган қиймати. Аукцион бошланғич нархни ошириб бориш услубида ўтказилади. Аукцион қадами:

•  биринчи 4 қадамда — аукцион объекти баҳоланган қийматининг 5%и миқдорида;
•  5- ва ундан кейинги қадамларда — аукцион объекти баҳоланган қийматининг 3%и миқдорида белгиланади.

ЭКИҲнинг 2000 бараваридан юқори бўлган мол-мулк реализация қилинган тақдирда, аукцион қадами объект баҳоланган қийматининг 2%и миқдорида белгиланади.

Муайян ҳолатларда онлайн-аукцион ўтказилмаган деб топилиши мумкин. 

Аукцион натижалари баённомада акс эттирилади. Ғолиб онлайн-аукцион якунланган кундан бошлаб 5 иш кунидан кечиктирмай мол-мулкнинг қийматини тўлиқ тўлаши ва тўлов ҳужжатининг электрон (сканер қилинган) нусхасини операторга жўнатиши лозим. Ушбу лот бўйича тўланган гаров пули мол-мулкнинг қийматига қўшиб ҳисобланади.