Хитойлик тадбиркорлар Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон вилоятида 2 та завод қурадилар. Бу ҳақда вилоят губернатори маъмуриятида маълум қилинди.

Жумладан, Ўтирар туманида биоэтанол ишлаб чиқарувчи, Сўзак туманида эса фосфор саноати чиқиндиларини қайта ишловчи ишлаб чиқариш маркази қурилади. 

Бу режалар ҳақида вилоят акими Жансеит Туймебаевнинг Хитой делегацияси билан учрашувида маълум бўлди.

Учрашувда Туймебаев хитойлик тадбиркорларга вилоятнинг инвестицион салоҳияти ва амалга оширилаётган индустриал-инновацион лойиҳалар ҳақида гапириб берди. Аким шунингдек меҳмонларга хорижий сармоячиларга тақдим қилинадиган имтиёзлар ҳақида маълумот берди.

Унинг айтишича, инвестициялар Қозоғистон иқтисодиётининг асосий механизмларидан бирини ташкил қилади. 

"Биз тадбиркорларга қулай шароитлар яратиб, уларга кўмак кўрсатамиз. Айни вақтда вилоятда 11 та саноат ва битта махсус иқтисодий ҳудуд фаолият юритмоқда", деб таъкидлаб ўтган учрашувда Туймебаев.