3 август куни Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Қизил-Ўрук қишлоғида тахминан соат 11:30да «Балиқчи-Чўлпонота-Қоракўл» автомобиль йўлининг 17-километрида микроавтобус ва енгил автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Бахтсиз ҳодиса оқибатида жароҳатланганларнинг 6 нафари ҳамюртларимиз бўлиб, улардан 3 нафари болалардир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг уларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш ва Ўзбекистонга олиб келиш бўйича берган топшириғига кўра, тезкор гуруҳ тузилиб, махсус самолёт ажратилди. Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жароҳатланган ҳамюртларимиз ушбу бортдда Ўзбекистонга олиб келинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, авиаборт билан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бош директори Абдуҳаким Хажибаев бошчилигидаги шифокорлар гуруҳи ҳам етиб борди.

— Биз махсус авиаборт билан етиб борганимизда қирғизистонлик шифокорлар томонидан жароҳатланган ҳамюртларимизга тезкор биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган эди, — дейди Абдуҳаким Хажибаев. — Шифокорлар гуруҳи Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ходимлари билан жароҳатланганларни авиабортга чиқаргач, бортнинг ўзида улар саломатлиги қайта текширувдан ўтказилди. Керакли муолажалар зудлик билан бажарилди. Ўзбекистонда бизни махсус жиҳозланган “Тез тиббий ёрдам” автомашиналари кутиб олди ва беморлар зудлик билан  Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етказилди. 

Жароҳатланганлар орасида 11 ёшли Игорь Орловнинг жароҳати анча оғир эди. Агар унга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ҳатто қўлидан айрилиб қолиши ҳам мумкин эди. Шифокорларнинг тезкор уринишлари натижасида Игорь Орловда мураккаб жарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтказилди. Ҳозир бемор ўзини яхши ҳис қилмоқда.

 —  ЙТҲдан сўнг жабрланганларнинг кўпчилиги ўзини йўқотиб қўйди. Чунки кўпчилик қаттиқ қўрққан эди, — дейди ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида даволанилаётган Елена Орлова. — Ўзбекистондан келганларнинг ҳаммаси “Энди нима қиламиз?” деган савол билан бир-бирига қарарди. Кимга хабар бериш, кимдан ёрдам сўрашни ҳам билмай қолар экансан ўзга юртда. Бизни Балиқчи шаҳридаги касалхонага олиб келишди, тиббий ёрдам кўрсатишди. Шунда эшитдикки, Президентимиз бизни Ватанимизга олиб кетиш учун самолёт юборган эканлар. Буни эшитиб, ҳаммамиз, ҳатто болалар ҳам йиғлаб юборишди. Ахир, ўзга юртда оғир аҳволда турганингда сендан хавотир олиб, Президентнинг ўзи самолёт юборса бундан қувонмай бўладими...? Барча ғамхўрликлари учун Шавкат Миромонович Мирзиёевга раҳмат. Биз қаерда бўлмайлик, Ватан ҳимоясида эканлигимизни ҳис қилдик.   

Ҳозирда фуқароларга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида малакали тиббий-жарроҳлик муолажалари кўрсатилмоқда. Уларнинг барчасининг умумий аҳволи яхшиланиб бормоқда.

2004 йилда туғилган Ли Яна Андреевнада такроран ўтказилган тиббий таҳлиллар натижаси ижобийлиги боис, унга уйга жавоб берилди ва у истиқомат қилувчи ҳудуддаги оилавий поликлиника шифокорларига бу ҳақда хабар берилди. Бемор патронаж хизмати назоратига олинган.