Италиялик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар 15 нафар кўнгилли ўт ўчирувчидан иборат бригадани фош этишди. Улар ўрмонларда ўзлари кейинчалик ўчириш ва бунинг учун мукофот пулларини олиш учун ёнғин келтириб чиқаришган. Бу ҳақда La Repubblica хабар бермоқда.

Полиция маълумотларига кўра, кўнгилли ўт ўчирувчиларнинг раҳбари Давид Де Вита фургонда олов қўйиш учун шахсан ўзи борган. Шундан сўнг у ёнғин хизматига қўнғироқ қилиб, ўрмон ёнғини ҳақида хабар берган.

Де Вита ўт ўчириш хизматидан 2015 йилда кетган, айни дамда у ҳибсга олинди. Унинг 14 нафар ҳамтовоғи ҳозирча эркинликда қолмоқда. Ишдаги барча гумонланувчилар фирибгарлик ва моддий зарар етказишда айбланмоқда. Бундан ташқари, улар атайин ўт қўйишда ҳам айбланган.