Италия шимолида юз берган момақалдироқ ва кучли шамол вақтида камида 4 киши ҳалок бўлди. Яна 2 киши бедарак йўқолган ҳисобланмоқда, деб хабар бермоқда Corriere della Sera нашри.

Қурбонлардан бири бельгиялик бўлиб, у Фриули-Венеция-Жулия вилоятида ҳалок бўлган. У ҳамроҳлари билан бўлган чодир устига дарахт ағдарилиб тушган.

Венето вилоятида ҳам дарахт бир кишининг устига ағанаган. Жабрланувчи шифохонага етказилган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

Учинчи қурбон – 47 ёшли эркак Трентино-Альто-Адиже вилоятида чақмоқ уришдан ҳалок бўлган. 4-қурбон римлик 24 ёшли қиз бўлиб, уни Ломбардия вилоятида сув оқими сўқмоқдан ювиб юборган ва у бир неча метр баландликдан қулаб, ҳалок бўлган.

Бундан ташқари, мутахассислар Удине вилоятида 66 ёшли эркакни қидиришмоқда. Яна бир эркак Гарда кўлида қидирилмоқда: у ёллаган қайиқ ёмон об-ҳаво шароитида тўнтарилиб кетган.