Аллоҳ таоло сизу бизни яратиб, шундай дейди: “Инсон заиф қилиб яратилди”.

Дарҳақиқат, инсоният заифдир. Ўзининг бошидан нималар ўтишини билмайди, келажакдаги ишларга сабрсиз бўлади, берилган неъматларга ношукрчилик қилади. Буюрилган ишларни қилмайди, қайтарилган гуноҳлардан қайтмайди. Роббисига осий бўлади, кечирим сўрайди, яна гуноҳ қилади ва яна кечирим сўрайди. На иссиққа чидайди, на совуққа тоқати бор. Худонинг ишларига аралашади. Ақли ожизлик қиладиган нарсаларга ақллилик қилади. Шошилмаслик керак бўлган ерларда шошилади. Зарур бўлган нарсаларда кечикади. Бўйнига юклатилган масъулиятдан қочади.

Шунинг учун Аллоҳ таоло бу дунёда бандасини рози бўлиб яшаши учун Қуръонни туширди ва ўзимиздан Пайғамбарларни юборди-ки, ўшаларга қараб амал қилайлик ва ҳаётимизни юргизайлик.

Яқинда туманда бир жаноза намози бўлди. Майитни қабристонга дафн қилиб кетишди. 4-5 кундан сўнг олдимга ўша майит хонадони эгалари (эркаклари) келиб, домла бир иш содир бўлди, шунга нима дейсиз, деб сўраб қолишди.

Биз маҳалламизда яшовчи “аёл мулло”ни кўрсатмасига асосан келдик. У киши (аёл мулло) айтдики “майитларингни кийим-кечакларини жам қилинглар, бир товуқни сўйиб, қонини кийимлари устига оқизинглар, кейин салафанга солиб, кийим билан бирга товуқни ҳам майит қўйилган қабр ёнига кўминглар” деди. Мана шу “аёл мулло”ни айтганини қилиб, қонга бўялган майит кийимлар ва товуқни олиб келдик, сиз нима дейсиз”, дейишди.

Мен “ким экан у “бидъаткунанда”, дедим.

Улар ўша “аёл мулло”сини исмини айтишни хоҳламади. Шундан сўнг бу ишларини шариатимизда йўқлиги, бидъат эканлиги, хурофот эканлигини, майитга ҳеч қандай фойдаси йўқлигини, аксинча, барчалари бир бидъаткунандани гапига кириб гуноҳ иш қилаётганлигини, агар шу бидъат иш қилинса, Аллоҳнинг ғазаби келишини, кўп ёмонликларга қолишини ва уларга туман имом-хатиби сифатида мурожаат қилаётганлигимни айтдим. Чунки олдимга келган майит эгалари ҳар кимни ҳам гапига эргашиб кетмаслиги, диний масалаларда имом-хатибларга мурожаат қилишларини эслатиб қўйдим.

Улар эса мени гапимдан кейин ҳудди “қафасдаги қўш”дай нима қилишларини билмай қолди. Эркакларни боши қотди, нимадир қилиш керак, вазиятдан қандай чиқиш керак. Имом-хатибни айтганини қилсинми ёки “аёл мулло”сини? Шунда бири айтдики, бу ишни “хотинларимиз” топиб келди, ўша “аёл мулло”ни ҳам олдига ўшалар борган, энди шу ишни қилмасак бўлмайди. Ҳозир майитни қонга бўялган кийимини уйга қайтариб борилса, “ёмон” бўлишини шерикларига ҳам билдириб қўйди.

Хуллас бари-бир аёлларни олдига қайси юз билан боришни ўйлаган эркаклар ўша “аёл мулло”ни айтганини қилишга қарор қилди. Қонга бўялган майит кийимини олиб, қабри ёнидан қабр қазиб, кўмиб кетишди.

Орадан бир ҳафталар ўтгандан сўнг, яна ўша “эркаклар” жамоаси масжидга ташриф буюрди. Қулларида дастурхон, ширинликлар. “Домла бизларни танидингизми?”. “Ҳа, келингизлар”. “Бир тиловат қилинг “ўтганларимиз руҳлари шод бўлсин, бизлардан рози бўлсин”. Қуръондан тиловат қилиб ўтганлар руҳига бағишлаб бўлганимиздан сўнг, улар кечирим сўрай бошлади. Ўтган сафар сизни айтганингизни қилмай, онамизни кийимларини товуқни қонига ботириб, қабри ёнига кўмиб кетгандик. Ўша кундан бери ҳар куни онамиз, опаларим, сингилларим ва қариндошларимизни тушига кириб чиқаркан. Ҳар куни бир хил туш. Аёлларни тушида “Онамиз” кир кийимларини тўплар экан, лекин юволмас эмиш. Бизлар ҳақиқатан ҳам бир “бидъаткунанда”ни гапига кириб, ношаръий ишларни қилган эканмиз. Бизларни кечиринг! Ўшанда сизни айтганингизни қилсак бўларкан.

Сизларни Аллоҳ кечирсин! Ҳақиқатан ҳам ўша куни сизларга Худони зорини қилдим. Бу бидъат ишни қилманглар, гуноҳга қоласизлар. Ундан ташқари, бу бидъат иш одамлар орасида тарқалса, кўплаб гуноҳларга мустаҳиқ бўлиб қоласизлар дедим. Шундан сўнг,  жума намозида жамоатга бўлган воқеани гапириб бердим. Жума намозидан кейин тумандаги “Собир-ота” қабристони ишчиси, маҳалла муллаларимиздан бири, домла ўтган куни мен хизмат қиладиган қабристонга ҳам товуқни сўйиб, кўмиб кетибди, деб қолди. Демак бу иш “бидъат” туманда авж ола бошлабди. Буни чорасини кўришимиз керак, деб чора-тадбирлар қилишни режалаштириб турганимизда яна шу маҳалла мулласи қўнғироқ қилиб, “домла бугун мен қабристонда йўқ пайтимда яна “иккита” товуқни сўйиб, қабристонга кўмиб кетишибди”, деди. Бу иш шунчалик кенг тарқала бошлади-ки, бунинг олдини олиш учун кенг жамоатчиликни жалб қилишга тўғри келди.

Туманда маҳалла муллалари, отинойилар ўртасида, маҳаллаларда “аёл мулла”ни қилмиши муҳокама қилинди, тушунтириш ишлари олиб борилди, тадбирлар ўтказилди ва тегишли кўрсатмалар берилди. Бир бидъатнинг олди олинди.

Хулоса ўрнида бир неча савол туғилади:

Юқорида содир этилган “бидъат”ни наҳотки нотўғри эканлигини мусулмон халқимиз билмаса?

Бу иш нотўғри эканлигини ҳаммамиз биламиз, ҳаттоки, ёш болалар ҳам билади. Агар ёш боладан шу ишни (товуқни сўйиб қабристонга кўмиш) қилмоқчиман десангиз, тентак бўлганмисизлар “Товуқни гуштини ейиш керак”, деб жавоб беради.

Нима учун одамлар гуноҳ ишга, бидъатга бунчалик қаттиқ ёпишиб олишади, тўғри йўлни кўрсатсанг, ундан қочишга харакат қилишади?

Масжид имом-хатиблари, илмлик кишиларимиз шаръий масалани тўғри кўрсатиб берса ҳам, ўша чаласавод (мулла)ни гапини маъқуллашади? Имом тўғри йўлни айтди, деб эркаклар журъат қилиб олиб келган “гуноҳи”ни савобга айлантириш учун уйларига қайтариб олиб кетмайди. Бориб хотинларига нотўғри эканлигини тушунтирмайди? Нима сабаб бўлди? Ёки илмимиз йўқми?

Илмсизларни гапини гап деб, илмли кишиларга эргашмаганларнинг аҳволини бугунги кунда Ироқ ва Сурияда кўриб турибсиз. Нималар бўлди. Тўғри йўлни кўрсатган олимларни биринчи бўлиб ўлдиришди, кейин шаҳарлари вайрон бўлди, миллионлаб одамлар ҳалок бўлди, миллионлаб одамлар, ёш болалар, аёллар ватанларини ташлаб сарсон-саргардон бўлди, қанча зарар кўрилди.

Энг асосийси бу бидъатни ким ўйлаб топган, қандай юзага чиқди. Бирор бир китобда ёзилмаган бўлса, ҳеч бир асоси бўлмаса, қандай пайдо бўлаяпти? Бидъаткунанда шундай десам одамлар ишонишади деб ўйласа керак-да. Энди одамларга нима бўлган. Ҳеч бўлмаса бу ишга буюрилганда, қаерда ёзилган, қайси китобда, нима учун бу ишни қилишим керак, нима фойдаси бор, деб саволлар ҳам берса бўлади-ку. Асоси йўқ нарсани бидъаткунанда буюраяпти, қанчадан-қанча фуқароларимиз сарсон бўлиб юришибди.

Шунинг учун ҳар қандай диний масала ёки диний маросим ва маракаларимизда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни илмли кишиларимиз, имом-хатиблардан сўраб кейин амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Халқимизнинг онгини ҳар ҳил бидъат-хурофотлар билан чалғитадиган илмсиз нодонлар ўзларини йиғиштириб олсин. Дунёда ҳам охиратда ҳам шарманда бўлиб қолмасин.

Бобоназаров Сайдулла
Навбаҳор туман бош имом-хатиб