Қашқадарё йўллари: мутасаддилар мазкур масала юзасидан йўлланган мурожаатларга жавоб қайтаришди

Жамият 07 Август 2017 16983
Фото: Kun.uz

Аввал хабар берилганидек, Кун.uz таҳририятининг ижодий жамоаси “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” доирасида Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди. Вилоят аҳолиси томонидан таҳририят электрон почтасига келиб тушган мурожаатларнинг аксари ўз ўрнида ўрганилди ва шу асосда қатор мақолалар ҳам эълон қилинди. Шу билан бирга, кўп сонли мурожаатлар Қашқадарё вилоят ҳокимлигига ҳам тақдим этилди ва уларга жавоб олинди. Жумладан, Йўл ва транспорт хизмати юзасидан ҳам.

Қашқадарё вилоятининг туманларидаги катта ва ички йўллар билан боғлиқ мурожаатларга “Ўзавтодарётранс” агентлиги вилоят бўлими вакили М.Эшбобоев жавоб йўллаган.

Мурожаат: “Ассалому алайкум ҳурматли ҳокимиятимиз мутасаддилари. Сизга республикамиз ва вилоятимиз равнақи йўлидаги машаққатли хизматингиз учун ташаккур айтамиз ва омад тилаймиз!

Маълумки, 2017 йил 1 февралдан бошлаб Қарши шаҳар, Ўзбекистон кўчаси бўйлаб соат 07:00 дан 20:00 гача микроавтобуслар ҳаракатланиши ман этилди. Ушбу қарор ҳам бошқалари сингари кўп жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда халқ манфаати йўлида қилинганлиги шубҳасиз. Аммо ушбу қарор ортидан баъзи ноқулайликлар ва муаммолар вужудга келмоқда. Хусусан, “Оқтепа” МФЙда яшовчилар учун ҳам.

"Дамас” русумли микроавтобусларга Ўзбекистон кўчасида ҳаракатланиш тақиқланганлиги туфайли, ушбу микроавтобуслар соат 7:00 дан 20:00 гача маҳалламиз ичидан ҳаракатланишни бошлашди.

Хусусан 44, 37, 6-йўналишли Қарши-Бешкент, Қарши-Нишон, 12-маршрутидагилар ҳаракатланиши оқибатида маҳалламизнинг Яккасарой, Ойдин ва бошқа кўчаларида фуқаролар учун ҳаракатланиш хавфли бўлиб қолди: 15-20 йилдан бўён қишда лой ва ёзда чангийдиган кўчаларни қай аҳволга тушганини энди тасаввур қилиб кўринг. Чанг-тўзон кўтарилиши дастидан нафас олиш баъзида имконсиз бўлиб қолади.

Шунингдек, ушбу машиналарнинг аксарияти соатига 40-50 км тезлик билан ҳаракатланади. Бу эса фуқароларнинг кўчаларда ҳаракатланишига ноқулайликлар ҳамда жуда катта хавф туғдирмоқда. Энг асосийси ёш болаларга тўла кўчаларимиздаги бу ташвишли ҳолат, уларнинг кўчада ўйнашларини ҳисобга оладиган бўлсак, ота-оналарни ташвишга солмоқда. Дарвоқе, бу борада аллақачон Қарши шаҳар ҳокимлиги ва Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Қашқадарё вилояти бўлимига мурожаат қилганмиз. Афсуски, бирон-бир жавоб олганимиз йуқ.

Юқорида келтирилган сабаб ва муаммоларни инобатга олиб, таҳлил қилиб, зарур амалий чора-тадбирлар қўллашни сўраймиз ва кутиб қоламиз.

Ҳурмат билан “Оқтепа” маҳалласининг Яккасарой, Ойдин кўчаларида истиқомат қилувчи фуқаролари”.

Қарши шаҳар, Яккасарой кўчасида 37-сонли йўналишда ҳаракатланаётган “Дамас”лар фаолиятини тўхтатиш бўйича ушбу йўналишда фаолият юритаётган “Насаф келажаги” МЧЖга кўрсатма берилди ва 2017 йил 22 июнь кунидан ҳаракат тўхтатилди.

Бундан ташқари, “Яккасарой” кўчаси бўйлаб ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланаётган автоуловларга чора кўриш бўйича вилоят ИИБ ЙҲҲБ, “Ўзавтодарётранс” агентлиги вилоят бошқармасига ва вилоят солиқ бошқармасига кўрсатмалар берилди.

Мурожаат: “Ассалому алайкум. Мен Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани, Хўжабоғ қишлоғида яшайман. Қишлоғимизнинг баъзи кўчалари номига асфальт қилинди. Анчагина қисми эса, айниқса, қабристонга борадиган йўл қишда лой, ёзда чанг-тўзон бўлади. 2017 йил 14 февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонидан келиб чиқиб тегишли чора кўришингизга умид қиламан”.

Тумандаги Хўжабоғ қишлоғи йўли Шаҳрисабз туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси балансида бўлиб, узунлиги 3,1 км ни ташкил қилади. Йўл қопламаси қора қопламали бўлиб, 1 км қисми қониқарли ҳолатда, қолган 2,1 км қисмидаги йўл қопламасида ҳар-хил бузилишлар мавжуд.

Мазкур йўл Шаҳрисабз туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 2018 йил манзилли дастурига киритилиши ва қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Мурожаат: “Салом. Қарши туманидаги Тўқманғит намунавий уй-жой масканида яшайман. Уйим яқинидаги "Наво" чойхонасидан Косон туман Обидида қишлоғига кетиладиган йўл жуда яроқсиз бўлиб, авто ва юк машиналари қатнови вақтида чанг-тўзон доимий равишда уйимизга ёпирилади. Ёш болалар нафас олишга қийналаяпти. Шу йўлни (ҳеч бўлмаса қассобхона олдидаги кўприккача) асфальтлаштиришни 2 йилдан бери сўраб келяпмиз. Вилоят ҳокимлиги ёрдам бериб, муаммоимиз ечилса, массив аҳли жуда хурсанд бўларди”.

4Н300 "Обидида-Кўлбуқа-Хўжақўрғон" автомобиль йўли 0-4 кмни ташкил этиб, Қарши тумани Обидида қишлоғи ушбу йўлнинг 0-1 км.лари оралиғида жойлашган. Ушбу автомобиль йўлининг 0-3 км.лари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 февралдаги 33-сонли баённомасига асосан тўла таъмирлаш ишлари дастурига киритилган бўлиб, жорий йилда 0-1 км.лари учун 1,0 млрд сўм маблағ ажратилган.

Ҳозирда "Йўл-лойиҳа бюроси" МЧЖ томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари тасдиқлангандан сўнг, таъмирлаш ишлари бошланади.

Мурожаат: “Мен Қашқадарё вилояти, Китоб туманида истиқомат қиламан. Илк бор ҳокимият органларига Интернет орқали мурожаат йўлга қўйилганида, Китоб тумани ҳокимиятига йўл масаласида савол бергандим. Истиқомат қиладиган кўчам, туман марказидан 500 метр узоқликда, лекин у асфальт кўрмаганига 50 йилдан ошган. Шу йўл масаласида мурожаат қилганимда, ҳокимият маҳалла фаолларини уйимга жўнатиб, отамга мени мурожаат қилмаслигимни айтишган. Бу гапларни эшитмаганга олиб, атайин қайта икки марта мурожаат юборганман. Туман ҳоким ўринбосари охир-оқибат менга телефон қилиб, ҳокимиятда олиб бориладиган ишлар бўйича маъруза ўқиган. Аниқ эсимда, роппа-роса 5 дақиқа. У кишининг ўзи менга асфальт ётқизиш учун ҳомий бўлишимни таклиф қилган. Китоб туманидаги кўчалар таъмирланадими?

Ҳурмат билан Элбек!

Туман марказий кўчалари жами 18,8 км бўлиб, шундан 10 км йўл умумфойдаланув йўлига ва қолган 8,8 км Китоб туман ободонлаштириш бошқармаси балансида туради. Умумфойдаланувга тегишли 10 км узунликдаги автомобиль йўли жорий йилнинг апрель-май ойларида йўл қопламасида ҳосил бўлган уйдим-чуқур бузилишлар иссиқ асфальтбетон қоришмаси билан (2516 м2 юзага 345 тн асфальтбетон қоришмаси) Китоб ТЙФУК томонидан 138 млн сўмлик иш бажарилиб, таъмирлаб чиқилди. Шу йилнинг III чорагида 4К303 "Китоб-Мираки" автомобиль йўлининг 0-1 км қисмини Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўла таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган. Бу ишлар учун 350,0 млн сўм маблағ сарфланади. Бундан ташқари, туман Ободонлаштириш бошқармаси буюртмаси асосида Чармгар кўчасида 1 км узунликдаги йўл асфальтбетон қоришмаси билан таъмирланади (ажратилган маблағ 137,0 миллион сўм).

Мурожаат: “Салом. Шаҳрисабз тумани қадимий ҳамда туризм имконияти улкан бўлган ҳудуд сифатида бугун янада гўзаллашиб бормоқда. Туманда кўп миқдорда аҳоли истиқомат қилувчи 102-умумий ўрта таълим мактаби атрофидаги кўп қаватли уйлар жойлашган митти тумандаги йўллар бугунги кунда турли даврлардаги таъмирлаш ишлари сабабли сифатсиз аҳволга келиб қолган. “Янги бозор” қаршисида жойлашган кўчадан митти туман ҳудудига кирилганда кўзга ташланадиган манзара, йўлнинг аҳволи шу йўлдан фойдаланувчи Тез тиббий ёрдам бўлими машиналари учун ноқулайлик туғдиради. Туман ҳокимлиги ушбу йўллар билан шуғулланса мақсадга мувофиқ бўлар эди”.

Тумандаги 102-мактабга олиб борувчи йўл 0,8 км.ни ташкил қилиб, туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси балансида туради. Автомобиль йўли асфальтбетон қопламали йўл бўлиб, охирги йилларда доимий қаров ишлари олиб борилмаганлиги сабабли йўл қопламасида ҳар-хил ҳажмдаги бузилишлар ҳосил бўлган. Автомобиль йўли Шаҳрисабз туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси томонидан манзилли дастурга киритилиб, лойиҳа смета ҳужжатлари шакллантирилганидан сўнг, йўл қурилиш ташкилотлари томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Мурожаат: “Салом. Қарши-Муборак йўлининг Қорақум-Муборак қисми жуда нотекис аҳволда. Бу йўллар қачон қониқарли ҳолатда бўлади?”.

Қорақум-Муборак йўли умумфойдаланув автомобиль йўлларига мансуб бўлиб маҳаллий аҳамиятдаги йўллар тоифасига киради (4Н292в "Қорақум-Хитой" автомобиль йўли). Узунлиги 7 км.ни ташкил қилади. 2017 йил апрель-май ойларида Муборак ТЙФУК томонидан жорий таъмирлаш маблағлари ҳисобидан йўл қопламасида ҳосил бўлган чуқурсимон бузилишлар (522 м2 жойга 61 тонна асфальтбетон қоришмаси билан) чуқурчалар ямаб чиқилиб, ушбу ишларга 25 млн. сўм маблағ сарфланди. 2017 йил III чоракда жорий таъмирлаш ишлари ҳисобидан ушбу йўлга 120 тонна асфальтбетон ётқизиш ёки 50 млн сўмлик таъмирлаш ишлари режалаштирилган.

Мурожаат: “Ассалому алайкум. Қарши шаҳри йўлларидаги муаммолар қачон ҳал этилади? Йўл қайтадан таъмирланади, бир неча ой ўтгач яна кавлаб, қувурлар ўтказилади, янги турар жойлар қурилаётган уйларнинг орқа тарафдаги йўллари умуман машиналар юриб бўлмайдиган даражада чуқурлари кўп. Бундан ташқари, катта машиналар ҳаддан зиёд кўп кириб чиқишади.

Яна бир саволим янги қурилган уйларнинг орқаси жудаям чанг, шамол кўтарилганда шу ерда яшовчи барча уйларга боради бу чанглар, шамол кўтарилганда пиёда юриб ҳам бўлмай қолади. Бизда Қашқадарё дарёси бўлса, ҳар тонг машина йўлларига ва қурилиши тугалланмаган ва чанг ҳаддан зиёд кўп кўчаларга сув сепишнинг иложи бор-ку, нега шу иш қилинмайди? Ҳар тонг эрталаб сув сепилишини қурилиш жойлардаги йўлларни ва чанг бартараф этишни барча истайди”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 июлдаги 2010-сонли қарори асосида Ўзбекистон кўчасининг 0-8 км қисмини тўла таъмирлаш белгиланган бўлиб, (лойиҳа-смета баҳоси 38,0 млрд сўм) 2014-2016 йиллар давомида вилоят ҳокимлиги ЯБХ инжинеринг Компанияси буюртмачилигида Косон ТЙФУК томонидан 20,0 млрд сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилган. Пиёдалар йўлакчаси, ёритиш тармоқлари, автобекатлар, сув қочириш лотоклари тўлиқ қурилган. 2017 йилнинг ўтган даврида объектда 1,3 млрд сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Объектда қолдиқ иш ҳажмлари асосан юқори қатлам қоплама қуриш ишларини ташкил этади.

Мурожаат: “Ассалому алайкум. Қарши шаҳри “Қарлубоғот” маҳалласи Ж.Мангуберди, Элбек, Зардўзлик ва бошқа кўчалар кўп йиллардан буён асфальт қилинмаган. Бор асфальт ҳам янги, кўп қаватли уйлар қурилишидан сўнг вайрон бўлган. Бу ҳақида МФЙ раисига ва маҳаллий ҳокимиятга айтишнинг ками қолмади. Куз, қиш, баҳорда лой, ёзда чанг! Сизлардан илтимос, ижобий ёрдам беришларингизни маҳалла аҳли номидан сўраймиз”.

Қарши шаҳридаги Мангуберди кўчаси (узунлиги 200 метр, эни 6 метр), Зардўзлик кўчаси (узунлиги 600 метр, эни 8 метр) ва Элбек кўчалари (узунлиги 400 метр, эни 8 метр) жами 1,2 км узунликдаги йўллар ички хўжалик йўллари ҳисобланиб, Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармаси балансида туради. Йўлларнинг қопламаси асфальтбетон, охирги йилларда доимий қаров ишлари  олиб борилмаганлиги сабабли йўл қопламасида ҳар-хил ҳажмдаги бузилишлар, чўкишлар ҳосил бўлган.

Автомобиль йўли Қарши шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси томонидан манзилли дастурга киритилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши мўлжалланган.

Мурожаат: “Салом. Мен Complete Universal Service оилавий корхона раҳбари Шуҳрат Қурбонов Темировичман. Биз корхона эҳтиёжи учун пул кўчириш йўли билан икки дона 2017 йилда ишлаб чиқарилган “Дамас” автомобилини харид қилдик. Корхонамиз хизмати билан Ўзбекистон кўчасидан тахминан кунига 3-4 маротаба юришга тўғри келади. “Дамас” автомобилимизни орқа ўриндиғини ҳам ечиб ташлаганмиз. Шундай бўлса ҳам Қарши шаҳар Ўзбекистон кўчасида “Дамас” автомобилини юришига ДАН ходимлари рухсат йўқлигини тушунтириб ҳаракатлангани қўйишмаябди. Бизнинг мақсадимиз йўловчи ташиш эмас, балки техник таъмирга муҳтож автомобилларга хизмат кўрсатиш. Шу масала юзасидан бизга амалий ёрдам беринг. Қарши шаҳар Ўзбекистон кўчасида жойлашган Миллий банкига, Биржа савдоларига ва мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш учун корхонамиз “Дамас” автомобилини эркин юришига рухсат беришлари масаласини ҳал этиб беринг. Олдиндан раҳмат”.

Ўзбекистон  Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2724-сонли қарорига асосан вилоят ҳокимининг 2017 йил  14 январдаги Х-30/01-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорлар ижросини таъминлаш, аҳолига қулайлик яратиш ва йўловчиларни ташиш хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Қарши шаҳридаги йўловчи ташишга ихтисослаштирилган корхоналар ишини мувофиқлаштириш мақсадида вилоят ҳокимининг 2017 йил 23 январда қабул қилинган 3-Ф-сонли фармойиши асосида Қарши шаҳридаги 1-сонли йўналишига автобуслар қатнови йўлга қўйилди.

Шу муносабат билан “Дамас” автомобилига 1-сонли йўналишга рухсат бериш мурожаати рад этилди.

Мурожаат: “Салом. Мен Қарши тумани, Қовчин МФЙда истиқомат қиламан. Бизни анчадан буён қийнаб келадиган муаммо бор. Бу маҳалла ичидан ўтган йўл, яъни Адолат (эски номи Ғ.Ғулом) кўчаси. Бу кўчанинг ҳозирги ҳолати жуда ачинарли кўринишга келиб қолган. Энг ачинарлиси, бу кўчанинг марказий қисмида мактаб ва мактабгача таълим муассасаси жойлашган. Мактаб ва мактабгача таълим муассасасига қиш ойлари болажонлар жуда қийналиб етиб олишмоқда. Шу масалани мутасадди раҳбарлар билан ечишда ёрдам берсангиз! Маҳалламиз номидан раҳмат айтиб, сизларга омад тилаб қолувчи Гелдиев Мансур”.

Қарши тумани Қовчин МФЙ эски Ғофур Ғулом кўчасининг узунлиги 700 метр, эни 5 метр, тупроқли лой кўча. Қарши туман Ободонлаштириш бошқармаси балансидаги ички хўжалик йўли ҳисобланади. Қарши туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 2018 йил манзилли дастурига киритиш ва қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш чоралари кўрилмоқда.

Мурожаат: “Ассалому алайкум. Мен Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманиданман. Ҳозирда Тошкент шаҳрида ўқиётганлигим, ишлаётганлигим ва Деҳқонободда кўп вақт бўлмаганлигим сабаб мурожаатни аниқ ёритиб бера олмаслигим мумкин.

Деҳқонобод тумани “Обод” МФЙ Шўргузар қишлоғида деярли 10 йилдан буён қишлоқ аҳолиси автомобиль ҳаракати учун Катта Ўрадарё (Ғузордарё)да кўприк қуриб берилиши бўйича мурожаат қилишади, лекин мурожаатлар аниқ жавобини олмаган. Қишлоқ ҳудудида асфальт йўллар узунлиги 0 км. Бу дегани асфальт деган нарса умуман кириб бормаган деганидир. Қишлоқ ўртада дарё билан ажралган икки қисмдан иборат. Қишлоқдаги 12-сонли ўрта мактабга ўқувчилар кўприк йўқлиги сабаб ёмғир, қорли кунларда қатнай олишмайди, чунки қишлоқ тоғ олди ҳудуди бўлганлиги сабабли сел келиш хавфи доим мавжуд. Қишлоқ аҳолиси асосий магистраль (асфальт) йўлга чиқиш учун пиёда 3-4 км.лаб масофада лойли кўчани босиб ўтишади. Агар қишлоқнинг икки қисмини боғловчи кўприк қурилса ва асфальт ётқизилса, ундан кейинги қишлоқ транспортлари ҳам айланма йўлдан эмас қишлоқ ҳудуди орқали ўтган бўлар эди. Натижада қишлоқнинг транспорт тизими ҳам изга тушган бўларди.

Муҳими, ўрта мактаб ва коллеж ўқувчиларининг дарс жараёнига бехавотир қатнаши таъминланар эди. Олдин ҳам қишлоқда асфальт ётқизилиши ва кўприк қурилиши бўйича кўплаб мурожаатлар қилинган, аммо натижаси бўлмаган. Мана шу масалани ижобий ҳал этиб берилишини сўраб қоламан”.

Деҳқонобод туманидаги Шўргузар қишлоғи маҳаллий аҳамиятдаги 4К  299 "Бозортепа-Бойқўрғон" автомобиль йўлининг (йўлнинг умумий узунлиги 26 км бўлиб Деҳқонобод ТЙФУК хизмат кўрсатади) 19-23 км.лари оралиғида жойлашган бўлиб, қишлоқ билан автомобиль йўлини "Катта Ўрадарё"си ажратиб туради. Ҳақиқатда ҳам, йўлнинг 21 километрида осма кўприк, пиёдалар ҳаракатланиши учун қурилган бўлиб,  узунлиги  40 метрни ва  эни 0,8 метрни ташкил қилади. Осма кўприк бугунги кунда таъмирталаб ҳолда.

Мавжуд кўприк ўрнига 50-55 метр узунликдаги янги замонавий кўприк қурилиши зарур бўлиб, дастлабки ҳисобларга кўра, 6,0 млрд сўм атрофида маблағ талаб қилинади. Ҳукумат қарорлари асосида Республика ёки маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига  манзилли дастур шакллантирилиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, молия манбаси ҳал қилинса, қурилиш ишлари амалга оширилади. Эслатма: йўлнинг 24 км қисмида дарё устида 248 метр узунликдаги темир-бетон кўприк қурилган.
 
Кун янгиликлари
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 36540 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 42962 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 5777 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 17496 Ўзбекистон
ТИВ: Каталониядаги терактлар оқибатида жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ
14:10 12 Жаҳон
Ўзбекистон МААда Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда очиқ мулоқот ташкил этилди
Ўзбекистонда мега палов тайёрланди
Ўзбекистонда янги вазирлик ташкил этилади
«Кириллга қайтмаймиз». Лотин-кирилл баҳсида яна бир жавоб юриши
Халқ таълими вазири: Узоқ йиллар давомида мактабгача таълим тизими анча четдан қолиб кетган эди 
Кўпроқ янгиликлар