«Ливерпуль» нега чемпион бўла олмайди?

Спорт 07 Август 2017 6102

«Ливерпуль», аниқроғи «Ливерпуль» мухлислари ҳар йили клуб чемпионлик учун курашишини кутишади. Клуб раҳбарияти, мураббийлари ва футболчилар ҳам шу ҳақида гапиришади. Лекин, назаримда, амалда чемпионлик курашида қатнаша оладиган жамоа шакллантириш учун етарли ҳаракат қилинмайди.

Хўш, чемпионлик учун курашадиган жамоа қандай бўлиши керак ўзи?!

Энг аввало, чемпионлик учун курашадиган жамоа ўз етакчиларини сақлаб қола билиши керак.

Ўша «Ливерпуль» чемпион бўлишига сал қолган мавсумдан кейин барча мухлислар ёзда таркиб кучайтирилиб, янги мавсумда янада жиддийроқ курашни кутишган эди. Амалда эса жамоанинг энг яхши тўпурари ва лидери Луис Суарес сотиб юборилди. Клопп келган йилиёқ Лига кубоги ва Европа лигаси финалига йўлланма олиб, сал ҳаракат қилинса, юқори марралар учун курашиш мумкинлигини исботлагандек бўлди. Мавсум оралиғида топ футболчилар келиши кутилди. Клуб эса Садио Мане, Вейналдум, Клаван ва Лорис Кариусни таклиф қилди. Мухлислар, кейинги мавсум Чемпионлар Лигасига чиқсак топ футболчилар ҳам келади, деб ўзларини юпатишди. Клуб амаллаб 4-ўринни эгаллади. Трансфер ойнасида фаоллик кутилди. Натижа эса — ноль. Миш-мишдан нарига ўтилмаяпти. Аксинча, клубнинг яна бир етакчиси Коутиньо жамоани тарк этиши ҳақиқатга яқинроқ бўлиб турибди.

Чемпионлик учун курашадиган жамоа ўтган мавсумдаги заиф чизиқларни кучли футболчилар билан тўлдиради.

«Ливерпуль»нинг ўтган мавсумдаги энг заиф чизиқлари — дарвоза ва ҳимоя. Лекин мавсум оралиғида на дарвозабон ва на ҳимоячи таклиф қилинди. Тўғри, Чемпионшипдан ҳеч ким танимайдиган чап қанот ҳимоячиси Робертсон таклиф қилинди. Лекин мухлислар кутган футболчи эмас у.

«Ливерпуль» кимларни сотиб олди?! Ҳужумкор ярим ҳимоячи Муҳаммад Салоҳ ва ҳужумчи Доминик Соланке. Клубдаги энг кучли чизиқларнинг янада кучайтирилишидан нима маъно бор, тўғриси, мен тушунмадим.

Кеча Юрген Клопп, биз ҳеч қандай трансфер амалга оширмаган ҳолда яна бир ярим ҳимоячига эга бўлдик, дебди. Робертсон ва Моренонинг ишончли ўйини Милнерни яна ярим ҳимояга қўйишга имкон туғдирган эмиш. Қолаверса, Клоппга кўра, «Ливерпуль» таркибида тўрт нафар яхши марказий ҳимоячи бор экан ва бошқа ҳимоячига эҳтиёж йўқ. Мухлислар бу гапларни, бошқа трансфер кутманглар, деб тушунишди.

Энди бир рақобатчиларга назар солайлик. «Манчестер Сити» дарвозабон ва ҳимоячилар олди. «Манчестер Юнайтед» ўтган мавсумда панд берган барча чизиқларни кучли футболчилар ҳисобига тўлдирди. «Челси» Бакайоко ва Рюдигер билан кучайди. «Тоттенҳэм» етакчиларини сақлаб қолишга эришди. Ёзда пароканда бўлиши кутилган «Арсенал» Ўзил ва Санчесни сақлаб қолиш баробарида Колашинац ва Ляказет билан янада кучайди. Ўтган мавсумда «Ливерпуль» таркиб жиҳатдан барча рақобатчиларидан кучсизроқ эди. Мавсумлар оралиғида, рақобатчилар таркиблари кучайиши оқибатида, «Ливерпуль» ва чемпионликка даъвогар бошқа клублар орасидаги фарқ янада ортди.

Хулоса қилиб айтганда, «Ливерпуль» чемпионлик учун курашиши учун ҳозирча ҳеч қандай асос кўрмаяпман. Аксинча, ўтган мавсум амаллаб эгалланган тўртинчи поғона ҳам бой берилиши учун сабаблар кўпроқдек туюляпти. Фикримча, чемпионлик учун кураш «Челси», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм» ўртасида бўлади. «Арсенал» ва «Ливерпуль» эса «Эвертон» ва «Вест Ҳэм» билан 5–8 ўринлар учун курашади. Сўнгги икки клуб мавсум оралиғида бир қатор яхши футболчилар ҳисобига бойигани инобатга олинса, ҳатто шу кураш ҳам осон кечмайди.

Балки, 31 августгача «Ливерпуль» бир қатор яхши трансферларни амалга ошириб кучаяр… Балки, Клопп хали ҳам, ўз услубига мос ижрочилар билан каттароқ клубларни доғда қолдириш мумкинлигига ишонар? Ахир у эмасми, Дортмунд рулида бир неча баробар устунроқ бўлган «Бавария»ни ортда қолдирган? Ҳа, ўша. Аммо биласизми, шу яқин ўртада «Вольфсбург»нинг ҳам чемпион бўлганини эсласак, ўша муваффақиятларнинг замирида «Бавария»нинг муаммолари ҳам ётганини сезса бўлар...

Англиянинг Германиядан фарқи шундаки, бу ерда бир эмас, бир нечта клуб бирданига омадсизлик гирдобида қолиши керак бўлади. Бу жуда қийин иш... Балким 25 йилда бир бўлар... Аммо, Клоппнинг ишини қийинлаштирадиган яна бир жиҳат — «Лестер» ўша имкониятдан яқиндагина фойдаланиб бўлди...

Шермуҳаммад Абдугапиров блоги

Кун янгиликлари
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 36540 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 42962 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 5777 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 17496 Ўзбекистон
ТИВ: Каталониядаги терактлар оқибатида жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ
14:10 12 Жаҳон
Ўзбекистон МААда Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда очиқ мулоқот ташкил этилди
Ўзбекистонда мега палов тайёрланди
Ўзбекистонда янги вазирлик ташкил этилади
«Кириллга қайтмаймиз». Лотин-кирилл баҳсида яна бир жавоб юриши
Халқ таълими вазири: Узоқ йиллар давомида мактабгача таълим тизими анча четдан қолиб кетган эди 
Кўпроқ янгиликлар