Венесуэла президенти Николас Мадуро Валенсия шаҳри яқинидаги Фуерте-Парамакай ҳарбий базасига ҳужум АҚШнинг Майами шаҳри ва Колумбиядаги аксилҳукумат етакчилари томондан молиялаштирилганини айтди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Унинг айтишича, базага ҳужум қилганлардан икки нафари ўлдирилган. Мадуронинг айтишича, базага ҳаммаси бўлиб 20 киши ҳужум қилган. Улардан 10 нафари қочишга муваффақ бўлган, улар ҳукумат томонидан қидирилмоқда. Яна бир босқинчи яраланган, 7 киши қўлга олинган.

Мадуро базага ҳужумнинг муваффақиятли қайтарилиши билан армияни табриклади. "Бир ҳафта аввал биз овозлар билан ютдик. Бугун эса террорчиликни ўқлар билан ютишга тўғри келди", деб айтган Мадуро.

Бундан ташқари, ОАВнинг "Илғор ҳаракат" партияси вакилига иқтибос келтирган ҳолда хабар беришича, базага ҳужум вақтида мамлакатнинг мухолиф етакчиларидан бири Рамон Ривас ўлдирилган. Таъкидланишича, Ривас базадан 1,5 км узоқликда ҳалок бўлган.