Москва шаҳридаги тунги клублардан бирида Ўзбекистон ва Тожикистондан бўлган фуқаролар ўртасида можаро келиб чиқди. Бунинг натижасида ҳодиса юз берган Генерал Алексеев кўчасига бир неча тез тиббий ёрдам машинаси ва Россия гвардияси ходимлари етиб борди. Бу ҳақда "Комсомольская правда" хабар қилмоқда.

- Ҳодиса жойига бизнинг ходимлар етиб борганида, залда уч йигит қонга беланиб ётганди, - дея айтиб ўтишди Росгвардиянинг Москва бўйича бош бошқармаси матбуот хизматидагилар. – Гувоҳларнинг хабар беришича, можарони келтириб чиқарган шахслар “Опель” машинасида воқеа жойидан қочиб кетишган.

Орадан бир қанча вақт ўтгач, ушбу автомашина клубдан унча узоқ бўлмаган ерда тўхтатилди. У ерда тўрт киши ўтирган. Ҳар бирининг қўлида пичоқ бўлган, салондан эса электрошокер ва тўппонча топилган.

Жабрланганлардан бири: 33 ёшли эркак клубнинг ўзида ҳаётдан кўз юмган. 27 ва 23 ёшдаги яна икки шахс оғир жароҳатлар билан касалхонага олиб кетилди – уларнинг қорнига пичоқ билан зарба беришган.

- Барча етти киши Тожикистон ва Ўзбекистондан келган шахслар бўлиб, ўзаро можарога киришишган. Афтидан, улар клубдан ташқарида ниманидир бўлиша олишмаган. Тўппончадан эса клубга кираверишда ўқ узилган, - дея айтиб ўтишган нашрга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорадаги манба.