Вазирлар Маҳкамасининг 25.07.2017 йилдаги 540-сон «Наманган муҳандислик-қурилиш институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 20.04.2017 йилдаги ПҚ–2909-сон Қарорига мувофиқ Наманган муҳандислик-педагогика институти Наманган муҳандислик-қурилиш институтига айлантирилган эди 

Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

•  муҳандислик, архитектура, қурилиш, машинасозлик ва коммунал хўжалик соҳаларининг ташкилотлари учун юқори малакали, рақобатбардош ва меҳнат бозори талабларига мос кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
•  хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда тегишли муҳандислик, архитектура, қурилиш ва ишлаб чиқариш йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ва таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, шу жумладан ахборот-ресурс марказлари фондларини энг янги хорижий адабиётлар билан мунтазам янгилаб бориш;
•  ўқув-педагогик фаолиятга, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни кенг жалб қилиш, шунингдек иқтидорли магистрантлар, ёш ўқитувчилар ва илмий ходимларнинг хорижий олий таълим муассасаларида стажировкадан ўтишини, профессор-ўқитувчилар малакасини оширишини ташкил қилиш;
•  илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш, илм-фаннинг ишлаб чиқариш билан интеграциялашувини кучайтириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш;
•  ёшларни ватанпарварлик ва фидойилик ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, маънавий бой, ҳар томонлама камол топган, мустақил дунёқарашга ва мустақил фикрлашга эга бўлган шахс сифатида тарбиялаш;
•  олий таълим муассасасининг моддий-техника базасини кадрлар тайёрлаш йўналишларига мувофиқ янада мустаҳкамлаш.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

•  Институтнинг тузилмаси;
•  Институтнинг ўқув жараёнини ташкил этишни такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар таркибини тўлдириш ва зарур моддий-техника базасини яратиш чора-тадбирлари дастури.

Институтда 4 факультет фаолияти йўлга қўйилади:

•  Қурилиш;
•  Муҳандислик;
•  Транспорт;
•  Қурилиш технологияси.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2017/2018 ўқув йили бошланишига қадар Институтни ўқув режалари, фан дастурлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлайди.

Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг фаолиятини молиялаштириш манбалари:

•  Давлат бюджети маблағлари;
•  хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
•  жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва мақсадли бадаллари;
•  халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
•  қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.