Назарбоев: Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари Қозоғистонга таъсир қилиши мумкин

Жаҳон 07 Август 2017 9395

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бош вазир Бакитжон Сагинтаев билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида Назарбоевга жорий йилнинг 7 ойи якунларига кўра ҳукуматнинг фаолияти ҳақида ҳисобот тақдим қилинди. 

Қозоғистон президенти мамлакат ривожланиши иқтисодий кўрсаткичларининг ижобий динамикасини қайд қилиб ўтди ҳамда давлат ва тармоқ дастурларининг амалга оширилиши муҳимлигини таъкидлаб ўтди. 

Назарбоев 7 ой якунларига кўра асосий иқтисодий кўрсаткичлар ўсгани ҳақида хабардор қилинди.

"Иқтисодиёт ўсиши 4,2 фоизни ташкил қилди. Ишлаб чиқариш соҳасидаги кўрсаткичлар нефть қазиб олиш даражаси пасайган Қизилўрда ва Мангистау вилоятларидан ташқари, мамлакатнинг барча вилоятларида 100 фоиздан ошган. Инвестициялар жалб қилиниши бўйича ўтган йилга нисбатан 3,7 фоизлик ўсиш кузатилган. Барча вилоятларда кўрсаткичлар ижобий. Инфляция даражаси июнь ойига нисбатан 0,1 фоизга ошган. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 0,5 фоизга камайган. Ишсизлик даражаси 4,9 фоизни ташкил қилган", деб ҳисобот берган Сагинтаев.

"Иқтисодиётнинг асосий ўсишига "Нурли жол" дастури амалга оширилиши туртки бермоқда. Жорий йилда автомобиль йўллари қурилишига 356 млрд танга сарфлаш кўзда тутилган. Жорий йилда 600 км йўл ишга туширилган. Йил охиригача 469 км йўл пуллик бўлади. Бундай тизим ишга туширилган биринчи трасса "Остона – Боровое" бўлди, у йилига 1,5 млрд танга келтиради ва шу йўл билан қурилишига кетган маблағларни қоплайди", деб айтган бош вазир. 

Назарбоев учрашув якунида ҳукумат ва акимлар олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишни давом эттириш топшириғини берган. "Фикримча, ҳукумат астойдил ишламоқда. Мен ҳаммага мурожаат қиламан, йил охиригача яхши кўрсаткичлар билан чиқишимиз учун ҳаммамиз уюшқоқлик билан ишлашимиз зарур. Хатарлар мавжуд. Энергия ташувчилар, хом ашёларимизга нархлар ўзгариши мумкин. Ғарбнинг Россияга санкциялари таъсир қилиши мумкин. Буни ҳисобга олиш лозим", деб айтган Назарбоев. 

Кўпроқ янгиликлар